Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар
12:16 / 2026-02-03

Президентимизнинг 2025 йил декабрь ойида Жиззах вилоятига ташрифи давомида хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, туризмни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифалар жойларда изчил амалга оширилмоқда. Бу борада Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ҳам амалий қадамлар қўйилмоқда.

Хусусан, Бахмал тумани ҳокимлигида Хитой Халқ Республикасининг “Qingdao Wanlin” компанияси раҳбари жаноб Ли Янтао ҳамда “Weijin Agricultural Biotechnology” компанияси раҳбари жаноб Жоу билан инвестициявий ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида туман ҳокими Азиз Эргашев Бахмалнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, айниқса, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш имкониятлари хусусида атрофлича маълумот берди. Томонлар Президент ташрифи чоғида берилган топшириқларга мувофиқ, ҳудуднинг табиий ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар чоғида тумандаги Музбулоқ маҳалласида жойлашган “Бойқўнғирсой” ҳудудида 5 гектар ер майдонида замонавий санаторий-мажмуа барпо этиш таклифи илгари сурилди. Ушбу лойиҳа ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, хизматлар соҳасини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, тоғ ва адир ҳудудларидан унумли фойдаланиш орқали доривор ўсимликлар, саримсоқ, пиёз ва аччиқ қалампир етиштириш, дастлаб 100 гектар майдонда “Polin argi” (шувоқ) ўсимлигини экиш режалари муҳокама қилинди. Бу ташаббус қишлоқ хўжалигида экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бундан ташқари, Президент белгилаб берган ижтимоий вазифалар ижроси доирасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Хитой Халқ Республикасидан пиллачилик бўйича мутахассисларни жалб этиш, ипакчиликни ривожлантириш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

Мутахассислар фикрига кўра, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши Бахмал туманининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, туризм салоҳиятини ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА