Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва унинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олиш мамлакат иқтисодиётининг ривожига алоҳида хизмат қилади. Бунинг учун эса, албатта, хориж тажрибаси ва ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг аҳамияти катта.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасида Пекин шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди, дейилади Транспорт вазирлиги маълумотида.
Учрашувда хусусан, Бухоро – Мискин – Урганч – Хива темир йўл линиясини электрлаштириш, Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлини реконструкция қилиш, ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш (автобуслар сотиб олиш) билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишга банк молиявий ресурсларини жалб этиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, томонлар халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш борасидаги муҳим лойиҳа, Осиё ва Европа қитъасини бевосита боғловчи Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини амалга оширишда банк билан ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский бу каби йирик ва ўта муҳим лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлик банкнинг биринчи галдаги вазифаси эканлигини айтиб ўтди.
М.МАДАМИНОВА, ЎзА