Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги лойиҳалар янги иш ўринлари яратади
11:52 / 2023-11-21

Бухоро шаҳридаги “Нигора” МЧЖ негизида тўқимачилик фаолиятини модернизация қилиш ва бўяш линияси ташкил этилмоқда.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов корхонада олиб борилаётган модернизация ишлари билан танишди.  

Мазкур корхонада инвестиция дастури доирасида жами 22 миллион АҚШ долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган ҳолда пахта хомашёсидан ип-калава ва ундан мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шунингдек, бўяш ҳамда тайёр кийим-кечаклар тикишни ташкил этиш орқали фаолиятни кенгайтириш мақсадида 2023 йилда қўшимча 4,2 миллион АҚШ долларлик инвестиция киритилган.  

Мазкур тўғридан-тўғри инвестицияларни тўлиқ ўзлаштириш натижасида корхонада замонавий тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилиб, қўшимча 800 та ишчи ўрни яратилади.  

Корхонани йил якунига қадар тўлиқ ишга тушириш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг асосий қисмини Швейцария, Германия, Италия каби давлатларга экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда.  

–Бундай лойиҳалар аввало, халқимиз учун керак, –деди Ботир Зарипов. –Чунки янги иш ўринлари яратилиши одамларимизга даромад дегани. Қолаверса, қўшимча қиймат орқали корхонанинг иқтисодий салоҳияти ошади.  

Шунингдек, вилоят раҳбари корхона ҳудудида бошланган қурилиш ишларини тезроқ ва сифатли якунлаш, бу ерда аҳоли учун ҳам қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади.  

 

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири