Андижон вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, янги қувватларни, айниқса, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни ишга тушириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятда 2023 йилда саноат корхоналари томонидан умумий қиймати 73,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 7,3 фоизга ўсган. Ана шу соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида Андижон туманида ташкил этилган “Андижон саноат хаби” махсус саноат зонаси ҳам ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорларга янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Андижон туманида 105 гектар майдонда барпо этилган “Андижон саноат хаби” қурилиши 2021 йилда бошланган. Бу ерда асосан машинасозлик ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар жойлаштирилган. Саноат зонасида зарур инфраструктура яратилган. Ҳудуд тўла юқори кучланишли электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, оқова сув тармоғи билан таъминланган.
[gallery-18967]
– Ҳозирга қадар махсус саноат хабида учта лойиҳа ишга туширилди, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Эргашали Абдужалилов. – Яъни корхоналар томонидан автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаларининг чўян қисмлари, қуёш панеллари ҳамда автомобиль ойналарини кўтариш ва тушириш мосламаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу кунларда автотранспортлар учун бутловчи қисмлар, автомобилларнинг йирик пластик қисмларини бўёқлаш, электрокабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Бугунги кунда саноат хабида умумий қиймати 59,6 миллион АҚШ доллари тенг лойиҳа доирасида “Auto Spring Component” масъулияти чекланган жамияти фаолият юритмоқда. Бу ерда автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун импорт ўрнини босувчи, чўяндан қуйиладиган ва механик ишлов берилган қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
– Ўтган йили иш бошлаган корхонамизда Хитой, Германия, Туркия, Россия каби ривожланган давлатлар технологиялари асосида автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникаларининг аввал четдан олиб келинган чўян қисмлари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Auto Spring Component” МЧЖ директори ўринбосари Муҳаммадсаид Ким. – Асосий мақсадимиз автомобиль ва бошқа техника воситаларининг чўян қисмлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган. Бундан ташқари, корхонада Ўзавтосаноат тизими корхоналарида ҳосил бўладиган металл чиқиндилари қайта ишланмоқда.
Йилига 18 минг тонна чўянни қайта ишлаш ва чўян маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада айни кунда 140 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Корхона цехларида бир вақтнинг ўзида 12 тонна металлни эритиш имкониятига эга 4 та печ ҳамда чўян маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган иккита автоматик линия ўрнатилган.
Корхонанинг металл қуйиш ва металлга механик ишлов бериш бўлимларида асосий ишлар автоматлаштирилган. Айни кунда корхонада “JM-Ўзбекистон” корхонасида ишлаб чиқарилаётган “Chevrolet Tracker” , “Chevrolet onix” ва бошқа автомобиллар, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникалари заводида тайёрланаётган техника воситалари, шунингдек, сув насоси учун 30 дан ортиқ турдаги чўян бутловчи қисмлар тайёрланмоқда.
– Корхонамиз энг илғор технология ва линиялар билан жиҳозланган, – дейди корхона металл қуйиш линияси бошлиғи Шоирбек Позилов. – Масалан, АҚШ бренди асосида Туркияда ишлаб чиқарилган, автоматик тарзда ишлайдиган металл эритиш қозонида 1 тонна металлни эритиш учун 488 кВт/соат электр энергияси сарфланади. Бу жаҳондаги шу аналогдаги, яъни металл эритиш қозонлари ичида энг тежамкорларидан бири ҳисобланади.
Корхонанинг асосий хом ашёси металл чиқиндилари ҳисобланади. Қайта ишлаш жараёнида унга қўшиладиган қатор модда ва компонентлар Туркия, Россия давлатларидан олиб келинади. Айни кунда 20 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган корхонанинг металларга механик ишлов бериш линиясида амалга ошириладиган асосий иш жараёнлари автоматлаштирилган. Автомобилларнинг олди, орқа диск барабанлари, бурилиш тирсаклари ва бошқа бутловчи қисмлар тайёрланадиган линиялар тўла автоматлаштирилган. Асосий ишлар махсус дастур асосида рақамлаштирилган роботлар томонидан бажарилади.
Илғор хорижий давлатлар технологияларини бошқаришни маҳаллий, ёш мутахассислар тўла ўзлаштирган.
– Мен 2022 йилда Андижон машинасозлик институтини тамомлаб, шу корхонада иш бошладим, – дейди ёш мутахассис, ишлаб чиқариш устаси Абдурашид Сиддиқов. – Корхонадаги малакали мутахассислардан иш ўргандим, қолаверса, Хитойнинг Фужива машина заводида ишлаб, малака оширдим. Бу илғор технологик линияларда ишлаш лаёқатимни оширди.
Умуман, корхонада ишчи ва мутахассислар тайёрлаш бўйича алоҳида дастур асосида иш олиб борилади. Ишга қабул қилинган мутахассислар махсус дастур асосида ўқитилади, тайёргарликдан ўтади. Шунингдек, уларнинг Россиянинг “Камаз”, Хитойнинг “Фужава” ва бошқа хорижий автомобилсозлик корхоналарида иш ўрганиши, малака ошириши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, айни кунда корхонада туркиялик, хитойлик мутахассислар ҳам иш олиб бормоқда.
– Металларни қуйиш ва қайта ишлаш бўйича мутахассисман, – дейди туркиялик мутахассис Мехмед Ода. – Бир йилдан буён ушбу корхона билан ҳамкорликда иш олиб бораман. Корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари тўла халқаро стандартлар асосида йўлга қўйилган. Маҳаллий мутахассислар ҳам тажрибали, ҳамкорликдаги ишлардан кўнглим тўлади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифат даражаси, белгиланган стандартларга мослиги корхонадаги мавжуд лабораторияларда сифатни белгиловчи 16 та параметр бўйича текширувдан ўтказилади. Айни кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг барчаси тегишли сифат сертификатига эга.
Корхонада зарарли моддаларнинг атмосферага чиқиб кетишининг олдини олиш учун замонавий, махсус ҳаво тозалаш фильтрлари ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган зарарли моддалар тозаланиб, ҳавонинг ҳолати доимий назорат қилинади.
Ҳозирда корхона Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникалари заводи, Олмалиқ, Навоий тоғ-металлургия корхоналари, Германиянинг Claas, Туркиянинг Weger компаниялари билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, корхона маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича Германиянинг Claas, Туркиянинг Weger, Россиянинг “Камаз” компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, “Auto Spring Component” каби корхоналар амалга ошираётган истиқболли лойиҳалари, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари билан мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3XrxhVqgOqc?si=RyRDCHkXzvc8WovK" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари