Бугунги кунда мамлакатимизда саноат ва ишлаб чиқаришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида ҳудудларда улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Жумладан, йил якунларига кўра, Бухоро вилоятнинг барча асосий ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида устувор йўналишлар бўйича барқарор ва сезиларли ўсиш суръатлари таъминланди.
Вилоятда якунланган йилда биргина саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 48,2 триллион сўмни ташкил қилди ва ўсиш суръати 107,5 фоизга етиши таъминланди. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотларни ишлаб чиқариш кўрсаткичи эса 23 миллион сўмдан ошди. Соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, вилоятда драйвер тармоқлардан бири бўлган енгил саноат улуши ҳозирда 22 фоизга яқинлашди. Бунда Бухоро шаҳрида ўтган йили амалга оширилган умумий қиймати 9,5 миллион АҚШ долларлик, йиллик қуввати 5 минг тонна “Кашмир ва жундан иплар ишлаб чиқариш” лойиҳаси ҳам муҳим аҳамият касб этди.
– Корхонада 2025 йилда 9,5 миллион АҚШ долларлик лойиҳа қиймати ишга туширилиб, янги 450 та иш ўрни яратилди. Асосий фаолиятимиз ип-калава ишлаб чиқаришдан иборат. 2025 йилнинг тўртинчи чорагида яна бир лойиҳага қўл урдик. Лойиҳа қиймати 800 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб бунда ўз маблағларимиздан фойдаландик. Бу цехда пахта, сунъий тола, кашмир, каноп маҳсулотларини аралаштириб, ўзимизни ишлаб чиқаришимизга хомашё тайёрлаб шу ерни ўзида ип-калава тайёрлашни ташкил қилдик. 2026 йилда яна 500 дан зиёд иш ўрни яратилади. Тўқув ишларини амалга ошириш учун тўқимачилик фабрикаси ҳам ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганмиз. Когон туманидан 250 гектар ер ажратилиб, биринчи босқичда 100 гектар пахта экилди. Қолган ерларимиз сув тежаш мақсадида лазер технологияларни амалга оширилиб, ерларда текисланиш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди корхона раҳбари Элёр Қувватов.
Айтиш лозим, бугунги кунда тўқимачилик соҳасида сифат энг муҳим омиллардан бири саналади. Шунга мувофиқ, хорижнинг етакчи мутахассисларини жалб қилган корхона ҳудудда биринчи бўлиб кашмир ва жундан ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ҳозирда бу йўналишда етакчилар қаторида турган Туркия ва ҳиндистонлик технологлар мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳа истиқболига юқори баҳо бермоқда.
[gallery-27227]
– Ҳиндистондан келиб, ушбу корхонада технолог вазифасида фаолият юритяпман, – дейди корхона технологи Режеш Синх. – Бу лойиҳани ишга тушириш бўйича менга икки йил олдин таклиф билан чиқишган эди. Олдинлари Ҳиндистон ва Индонезиядаги кўплаб йирик компанияларда ишлаганман. Ушбу соҳада 30 йиллик тажрибага эгаман. Ўзбекистон тўқимачилик саноатида улкан имкониятлар мамлакати. Айниқса, сўнгги йилларда бу соҳа юртингизда жадал суратларда ривожланмоқда. Бу ерда 100 фоиз пахтадан махсус маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони бор. Ҳозирда, янада сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун катта янгиликларга қўл урдик. Айни дамда Германия технологиялари асосида пахтани полестер вискоза модал зиғир билан аралаштириш орқали 40 тургача янги маҳсулот олиш имконияти мавжуд. Бу ҳозирда кўплаб хорижлик ҳамкорларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шунга асосланиб айтадиган бўлсак, тез орада янги бренд асосида ўзимизнинг тайёр маҳсулотлар билан ҳам кириб дунё бозорига кириб бориш имконига эгамиз.
Когон туманида амалга оширилган яна бир йирик лойиҳа. Саноат қоғози ишлаб чиқариш корхонасига хитойлик сармоядорлар томонидан 20 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилди. Қурилиш маҳсулотлари учун зарур маҳсулот шу вақтга қадар асосан четдан олиб кирилар эди. Эндиликда шу жойнинг ўзида саноат хомашёси ишлаб чиқарилиб, экспортга йўналтирилмоқда.
– Хитойнинг Жиангсу провинцияси Хузҳоу шаҳридан келиб, Ўзбекистонда ҳозирга қадар киритган сармоя қарийб 17 миллион АҚШ долларидан ошди, – дейди хитойлик корхона раҳбари Хи Вей. – Бу жойда асосан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳасига сармоя киритилган. Хитойда электр станция, картон цехи ва озиқ-овқат фабрикасидан иборат катта компания фаолият юритади. Келгусида ушбу корхоналарнинг ҳам филиалларини очиш режаларини ишлаб чиқяпмиз. Ушбу лойиҳалар ҳисобига жами сармоя тахминан 70-80 миллион АҚШ долларига етказилади. Биз ҳозирда корхонага ўрнатилган янги дастгоҳ кунига 150-200 тонна маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин. Биринчи босқичда Хитойдан ўнга яқин техник мутахассислар қатори 100 дан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳам ишга қабул қилинади. Корхонада ишлаб чиқарилаётган асосий маҳсулотлар ўраш, қадоқлаш қоғози бўлиб, гипсокартон заводлари учун гипс қопламаларида кенг қўлланилади. Биз жойлашган ҳудудда бу турдаги 4 та йирик корхона мавжуд ва улар катта ҳажмдаги маҳсулотларимизни харид қилиш бўйича шартнома имзолашмоқда. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари, хусусан Тожикистон ва Қирғиз Республикаси билан экспорт бўйича келишувларга эришдик.
– Ўзбекистонга бу қадар ишонч билан сармоя киритишга сабаб, албатта, инвесторларга яратилган шароитлар ва эркин иқтисодий зонада берилаётган қатор енгилликлардир, – дейди хитойлик корхона раҳбари Хи Вей. – Давлатингиз раҳбари инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Шунга асосан, биз ишонч билан янги корхоналарни ташкил қилишга интиляпмиз. Биргина солиқ имтиёзларини оладиган бўлсак, юртингизга келган инвестор 10 йил ичида бу имкониятлардан фойдаланиб барқарор ишлаш тизимини йўлга қўяди. Бу келгусида ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилувчи, узоқни кўзлаб амалга оширилган ташаббус деб ҳисоблайман. Лойиҳамизнинг асосий яна бир жиҳати, бу жойда асосан экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқарамиз ва яшил келажак дастурига таяниб иш тутамиз. Корхонамиз биринчи босқичи март ойидан бошлаб тўла қувват билан ишлашни бошлайди ва мингга яқин иш ўринлари яратилади.
Ҳудудларда инвестиция жозибадорлигини ошириш борасидаги муҳим дастурлар натижасида ҳатто минтақада аналоги бўлмаган корхоналар бугун самарали фаолият юритмоқда. Шулардан бири Бухоро туманида амалга оширилган “Пиролиз газолини ва пиролиз дистиллятини” қайта ишлаш орқали ароматик углеводородлар ишлаб чиқариш” лойиҳасидир.
Ҳозирда Бухоро саноатида маҳсулотлар ҳажмининг ўсишида кимё ва нефть кимёси улуши 41,2 фоизни ташкил қилади. Айнан мазкур корхона тўла қувват билан ишга тушганидан сўнг бу кўрсаткич 50 фоиздан оширилади. Муҳими, корхонада тўлиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Саҳро бағридаги, кўринишидан мўъжаз аммо гигант лойиҳа мамлакат нефть ва газ саноати ривожида ҳам муҳим босқични бошлаб беради.
Вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида 20 гектардан жами 263,4 гектар ер майдонларида янги саноат зоналари ташкил этилди. Бу ҳам ҳудудлар ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Муҳими, ушбу саноат зоналарида лойиҳаларни жойлаштириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Лойиҳалар амалга оширилиши натижасида яна қўшимча 10 минг нафардан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.