Жиззах вилоятининг Арнасой туманида сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тумандаги “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган сутни қайта ишлашга ихтисослашган объектнинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 687 миллион 960 минг 632 сўмни ташкил этади. Лойиҳа Жиззах вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси унитар корхонаси буюртмасига асосан “Obi Sangzor” МЧЖ пудратчилигида амалга оширилмоқда. Объектни 140 кун ичида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бундан ташқари, тумандаги яна 6 та маҳаллада озуқа тайёрлаш масканлари ҳамда енгил конструкцияли сутни қабул қилиш пунктлари ҳам ташкил этиш ишлари давом этмоқда.

– Ушбу лойиҳаларни амалга оширишимиз нафақат аҳоли турмуш даражасини оширади, балки, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, аҳоли бандлиги таъминланишида ва камбағаллик даражасидан чиқишида муҳим ўрин тутади, – дейди Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов.

Ана шундай муҳим лойиҳалардан яна бири тумандаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган озуқа тайёрлаш маскани ва сутни қабул қилиш пункти қурилишидир. Махсус ажратилган 32х24 метр майдонда 600 тонна слёс сиғимига эга замонавий инфратузилма қурилмоқда. Ушбу объектда келгусида наслли чорва молларини парваришлаш учун зарур бўлган озуқа заҳирасини сақлаш имкони яратилади. Чорвачиликда юқори самарага эришишнинг бош омили бу – сифатли озуқа ғамлаш ва тўғри парвариш қилишдир. Туман раҳбарияти томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар тез кунларда албатта ўз мевасини беради.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилишида Бўстон МФЙ ҳоким ёрдамчиси Фарҳод Бастамовнинг ҳам хизматлари беқиёс. У маҳалладаги аҳоли ўртасида наслли чорва молларини кўпайтириш, улар учун замонавий шароит яратиш борасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бормоқда. Маҳалла фуқароларининг чорвачиликка бўлган қизиқишларини ошириш, уларни лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш орқали маҳалланинг иқтисодий қуввати янада ошиши таъминланади. Бу каби тизимли ишлар, келажакда Арнасой туманида юқори сифатли сут ва сут маҳсулотлари, гўшт ва гўшт маҳсулотларини кўпайтириш, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари