Президент Халқ қабулхонасининг ушбу лойиҳаси доирасида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп, Шовот ва Тупроққалъа, Янгибозор туманларида яшовчи 400 нафар аёлнинг мурожаатлари Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда ўрганилиб, уларни ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Жумладан, Тупроққалъа туманида Президент Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатлар асосида 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи 115 нафар хотин-қизга мақсадли равишда беш юз миллион сўм молиявий ёрдам ажратилди. Шундан 113 нафар ишсиз аёлга замонавий тикув машиналари берилди. Кооперация асосида етакчи ўн нафар тадбиркорга тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратилди. Эҳтиёжманд аёлларнинг икки нафарига “Гўзаллик салони” жиҳозлари олиб берилди.
Тупроққалъа туманидаги Саидлар маҳалласида истиқомат қилувчи 6 нафар ишсиз хотин-қизга тикув машиналари олиб берилиб, тикувчилик ҳунари билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Ёрқиной Раззоқовага бириктирилди. Хусусан, шу кунга қадар Шайдо Ҳудойберганованинг доимий даромад манбаи бўлмаган. Эндиликда унинг ҳам бандлиги таъминланди.
– Тикув машинаси берилганидан нафақат мен, балки оила аъзоларим ҳам бирдай қувонди, – дейди Шайдо Ҳудойберганова. – Шу кунгача Ёрқиной устозим билан тикувчиликнинг сир-асрорларини назарий жиҳатдан ўрганиб келаётган эдим. Эндиликда ўзим ҳам мустақил равишда тикув машинамда турли кийимлар тикишни бошлаяпман. Устозимнинг кўрсатмасига асосан сотув учун бир-иккита маҳсулот ҳам тайёрладим. Даромад топиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман.
Туманнинг Соёпир маҳалласида яшовчи Дилрабо Исмоилова ва у билан бирга яна 11 нафар хотин-қизга ажратилган тикув машиналари уларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-17610]
– Бизга берилган тикув машиналарини устозимиз Доно Маткаримова бошчилигида бир жойга тўпладик ва тикувчилик цехи ташкил қилдик. Бу ерда тикувчиликни ҳам ўрганяпмиз. Турли трикотаж маҳсулотларини тикиб, даромад ҳам оляпмиз, – дейди Дилрабо Исмоилова.
Туманнинг Навбаҳор маҳалласидан 14 нафар, Тупроққалъа туманининг энг олис ҳудуди ҳисобланган Саримой маҳалласидан 20 нафар хотин-қизга тикув машиналари берилиб, жами 34 нафари иш билан таъминланди.
Янгибозор туманида ҳам ушбу хайрли ташаббуслар орқали 30 та маҳалладан 113 нафар хотин-қиз доимий даромад топиш имкониятига эга бўлди. Уларнинг 35 нафари миграциядан қайтган, 48 нафари “Аёллар дафтари”га ва 14 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. 16 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож. Улар тажрибали 31 нафар тадбиркор аёлга бириктирилди.
– Мен Президент Халқ қабулхонасининг ушбу ташаббусини қўллаб қувватлайман, – дейди меҳнат фахрийси Дурдона Рамазонова. – Чунки, ишлаш қобилиятига эга бўлган инсонга маблағ берилса, нафсини тийолмай ушбу маблағни мақсадсиз сарфлаб юбориши мумкин. Бироқ бу ташаббус аёлларни энг, аввало, меҳнат қилишга ва маблағга эга бўлишга ундайди.
Янгибозор туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Қирмизи Массилова ҳам бандлик масаласида мурожаат қилган. Ўрганишларда унинг оилавий аҳволи оғир эканлиги маълум бўлгач, тикувчиликка уқуви борлигини инобатга олиниб, унга тикув машинаси берилди.
– Оилавий шароитим туфайли ишсиз уйда ўтиришга мажбурман, – дейди Қирмизи Массилова. – Лекин бошқалар каби меҳнат қилгим, ўз даромадимга, ўз маблағимга эга бўлгим келади. Бугун менда ушбу имконият бор. Эндиликда тикувчилик қилиб, орзуларимни амалга ошираман. Тўғрисини айтсам, энди менда янада каттароқ мақсадлар, орзулар ва масъулият пайдо бўлди. Президентимизга, Халқ қабулхонаси масъулларига ўз миннатдорлигимни билдираман.
“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳасининг дастлабки босқичида бандлиги таъминланмаган оғир шароитдаги хотин-қизларнинг кооперация асосида ишлаб даромад топишига имконият яратилаётган бўлса, кейинчалик улар орасидан тадбиркорликка қобилияти борлари ўз оилавий корхонасини ташкил этишига кўмаклашилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари