Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги лойиҳа ижроси Мирзаободда бошланди
15:54 / 2025-12-25

Мирзаобод туманида аҳоли саломатлиги ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилмоқда.

“Дўстлик–3” канали бўйидаги 29,5 гектардан зиёд майдонда барпо этиладиган яшил ҳудудлар нафақат дам олиш ва спорт учун қулай муҳит яратади, балки чанг ва шамол таъсирини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Сирдарё вилоятига ишчи ташрифи билан келган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Аброр Хидиров ҳамроҳлигида бу ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ҳудудда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилади. Шунингдек, беда экинлари, икки қаторли гужум дарахтлари оралиғида аччиқ олча кўчатлари экиш ва аҳоли учун қулай саломатлик йўлаклари барпо этиш режалаштирилган. Бу ҳам дам олиш ва спорт майдонлари сифатида хизмат қилади, ҳам экологияни сақлашга ҳисса қўшади.

Вазир Иброҳим Абдураҳмонов туман ҳокими Абдураҳим Умаров ва масъулларга лойиҳани комплекс тарзда амалга ошириш, суғориш технологияларини тўлиқ ишга тушириш ва кўчатларни ҳудуд иқлимига мос равишда жойлаштириш бўйича амалий таклифлар берди. Шу билан бирга маҳаллий аҳоли ва ёшларнинг фаол қатнашини таъминлаш ва уларнинг масъулиятини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири