Янги йил байрами арафасида Жиззах шаҳрида Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “Жиззах шаҳри канализация тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида қурилиш объекти фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш маросимида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви, вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барча соҳа ва йўналишларда ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, Жиззахда амалга оширилган ушбу лойиҳа ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлганини таъкидлади.

Мазкур лойиҳа фойдаланишга топширилиши натижасида иншоотда бир кунда 30 минг метр куб оқова сувни тозалаб бериш қуввати яратилди.
Шунингдек, 126,5 километр канализация тармоқлари тортилиб, реконструкциядан чиқарилди, 7 та оқова сув насос станцияси қурилиб, модернизация қилинди.

Натижада Жиззах шаҳрида оқова сув хизматлари қамрови 70 фоизга етказилиб, вилоят маркази ҳамда Шароф Рашидов туманининг 146 минг нафарга яқин аҳолиси канализация хизматларидан тўла фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Ҳудуднинг санитария-эпидемиологик ҳолати ҳам сезиларли даражада яхшиланди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири