French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги лойиҳа асосида йилига 500 тонна узум уруғи қайта ишланади
15:17 / 2021-12-01

Буюк бобокалонимиз, табобат илми султони Абу Али ибн Сино узум уруғидан олинадиган ёғда инсон организми учун ниҳоятда фойдали бўлган витаминлар борлигини исботлаган. Хусусан, ёғ таркибида жуда юқори концентрацияда А, В, С, Е витаминлари, макро ва микроэлементлар, ёғ кислоталари ва бириктирувчи моддалар мавжуд.

Узум уруғидан олинган ёғнинг шифобахш хусусиятлари инсон саломатлиги учун жуда фойдали экан. Жумладан, барча ёшдаги беморларда иммунитетни ошириш, юрак ишемик касаллиги ҳамда бош мия кон айланишининг бузилишида (инфаркт-инсульт профилактикаси), атеросклероз касаллигида, кўзнинг кўриш қобилиятини яхшилашда, организмда модда алмашинувини тиклашда, аллергик касалликларда (бронхиал астмада), суяк тузилиши касалликларида, эркак ва аёллардаги бепуштликка оид касалликларни даволашда, организмнинг қариш жараёнларини секинлаштиришда ва бошқа кўплаб кассаликларни даволашга ёрдам берар экан.

АҚШнинг Кентукки университети олимлари қора узумнинг пўсти ва данаги лейкемия касаллигига қарши курашишда ёрдам беришини исботлади. Тажриба давомида беморларга узум данаги экстрактидан қабул қилиш тавсия этилган. Кузатув якунида маълум бўлишича, узум данаги ёмон сифатли ўсмаларни емирувчи оқсилларни фаоллаштирар экан. Калифорния университети олимлари ҳам шу йўналишдаги тажрибаларни кўплаб ўтказган. Уларнинг сўнгги тадқиқотларидан бирида узум данаги экстракти ошқозон саратони хавфини камайтириши исботланди.

Биз узимини еб, данагини ташлаймиз. Аслида узум данаги кони фойда эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон миқиёсида ҳар йили тахминан 60 минг тоннадан зиёд узум маҳсулотлари корхоналар томонидан қайта ишланади. Ишлаб чиқариш жараёнларида йилига 3 минг тонна узум уруғидан тайёрланган ем шу вақтгача чорвага берилади.

Узум уруғидан олинган ёғ шифобахш хусусиятга эга экан, нега унда ишлаб чиқарилмайди?

Ҳозирда Сирдарё туманида фаолият юритаётган “Бунёд голд” МЧЖ томонидан инновацион ёндашув асосида узум уруғидан ёғ ишлаб чиқариш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

[gallery-4881]

Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 та янги иш ўринлари яратилади, йилига 500 тонна узум уруғи қайта ишланади. 500 тонна узум уруғидан ўртача 50 тонна (10 фоизи) ёғ олинади. Узум уруғини мойи олингандан кейин ҳосил бўладиган кунжара чиқиндисини ҳам қайта ишлаш имконияти мавжуд.

– Лойиҳа доирасида узумни қайта ишлаш жараёнида ажралиб чиқаётган узум уруғидан инсон саломатлиги учун фойдали фармацефтика ва косметология соҳасида фойдаланиш учун экспортбоп, пресслаш усулида мой ишлаб чиқарилади, – дейди “Бунёд голд” МЧЖ раҳбари Ш.Яриев. – Ушбу маҳсулотларга Россия, Туркия ва бошқа Европа давлатларида талаб юқори.  Шу боис ишлаб чиқарилган маҳсулотларни 70-80 фоиз қисми экпортга йўналтирилади. Ёғ таркибида калий, натрий, кальций, темир моддалари, тўлик туйинмаган ёғ кислоталари, флавоноидлар, фитостероллар, кремний, тулик туйинмаган линол кислоталари, стеарин, пальмитомин, арахидон каби кислоталар мавжуд. Узум уруғининг ёғи таркибидаги хлорофил ушбу шифобахш ёғнинг яшил рангини таъминлаб беради. Табиатда факат узум уруғи ёғида учрайдиган табиий антиоксидант ресвератрол борлиги, бу ёғнинг кийматини янада оширади.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА