Янги лойиҳалар импорт ўрнини камайтирмоқда
Коронавирус пандемияси даврида давлат аввало, одамларнинг саломатлигини ўйлаб барча чора-тадбирларни кўрмоқда. Лекин айни чоқда иқтисодиёт ҳам муҳим.
Коронавирус пандемияси даврида давлат аввало, одамларнинг саломатлигини ўйлаб барча чора-тадбирларни кўрмоқда. Лекин айни чоқда иқтисодиёт ҳам муҳим.
Бундай шароитда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иш ташкил этиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, экспортни амалга ошириш раҳбар ва ташкилотчилардан масъулиятгина эмас, балки бошқарув қобилиятини ҳам талаб этади. Айниқса, бугунги кунда ҳудудларда бу борадаги ишлар асло тўхтаб қолмаслиги керак.Тадбиркорлик субъектлари ва корхоналарга ҳар томонлама кўмак бериш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шаҳар-туманлар аҳолиси билан уларни иш жойига бориб ўтказаётган учрашувлари давом этмоқда. Унда пандемия шароитида корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш, ишчи-ходимлар учун шароитлар яратиш ва муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бугун ана шундай мулоқот Тошлоқ туманидаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказилди. «Мартошмахсускийим» масъулияти чекланган жамияти айни кунларда барқарор фаолият кўрсатмоқда. Бу ердаги учрашувда корхонанинг бугунги ишлари чуқур таҳлил қилинди.
-Асосан Россияга махсус кийимлар тикмоқдамиз, -дейди жамият ишчиси Зулфия Холиқова. – Шароитлар яратилган. Тушлик, транспорт бепул. Иш ҳақимиз ўз вақтида бериб турилибди.
Вилоят раҳбари бу ердаги ютуқларини эътироф этган ҳолда қишлоқ жойларидаги вақтинча ишсиз аёллар учун янги иш ўринлари яратиш борасида кўрсатмалар берди.
Мутахассисларнинг айтишича, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 80, баъзи ойларда 90 фоизи экспорт қилинмоқда. Бундан ташқари шу йилнинг 6 ойида ички бозорига 600 миллион сўмлик ўзлари тиккан кийим-кечак етказиб берилган.
Вилоят ҳокими ишчи мутахассисларнинг яна бир масаласини шу ердаёқ ҳал қилди. Корхона табиий газ тармоғига уланмаган эди.

- Вилоят раҳбари бизнинг цехга келиб, хол аҳволимизни, саломатлигимизни сўради, биз билан самимий суҳбатлашди, - дейди тикувчи Маҳлиё Алибоева. – Энг таъсирлиси шу бўлдики, вилоят ҳокими бизга ўзининг уяли телефони рақамини берди. Муаммо бўлса менга кеча-кундуз демай қўнғироқ қилаверинглар, деди.
Тошлоқнинг яна бир тадбиркори Фарҳод Ботиров “Агроимпекс VALLEY” Ўзбекистон – Корея қўшма корхонасини ташкил этган.
Бу ердаги учрашувда Тошлоқ туманида аҳоли зичлиги тилга олиниб, бу каби ишлаб чиқаришга эҳтиёж катталиги таъкидланди.
-Ҳозир гигант корхоналар қуриш эмас, кичик, бозор шароитидан келиб чиқиб маҳсулот турини ўзгартира оладиган ишлаб чиқаришлар самара беради,-деди Шуҳрат Ғаниев.
– Жанубий Кореялик инвестор билан ҳамкорликда ташкил этилган корхонада кунига 30-60 тонна метал қувур ва профиллар ишлаб чиқарамиз. Унга 2 миллион доллар инвестиция киритдик, - дейди жамият раиси Фарҳод Ботиров. – Шу йил август ойида, мамлакат мустақиллиги байрами арафасида иш бошлаймиз.
Ўтган йилда Фарҳод Ботиров автомобилларга юқори ўтказгичли свечаларнинг кабелларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйганди. Илгари бу каби маҳсулотлар Ўзбекистонга фақат импорт қилинарди холос.
Корхона ҳозирда кунига 3000 та автомашина учун юқори сифатли кабеллар ишлаб чиқариш қувватига эга. Келгусида уни кенгайтириб экспортни йўлга қўйишмоқчи.
Тошлоқлик ишчи ва мутахассислар, тадбиркорлар билан ўтказилган бундай мулоқотлар натижасида бир қатор масалалар ўз ечимини топди.
Тошлоқлик ишчи ва мутахассислар, тадбиркорлар билан ўтказилган бундай мулоқотлар натижасида бир қатор масалалар ўз ечимини топди.