You Tube сўнгги йилларда фойдаланувчи тажрибасини янада интерактив қилишга катта эътибор қаратмоқда. Энди платформа “лайк” тугмасини жонлантирди – у фақат видеолар сонини оширибгина қолмай, видеонинг мазмунига мос мини-анимациялар билан жавоб қайтармоқда.
Масалан, автомобиль ҳақидаги роликда тугма босилганда ғилдираклар айлана бошлайди, футбол видеосида тўп сакрайди, саёҳат влогида эса самолёт учиб кетади. Шу тарзда ҳар бир босиш фойдаланувчига кичик мукофотдек ҳис уйғотади ва оддий тугма ўрнига энди қизиқарли тажриба пайдо бўлади.
Бу ўзгариш бир қарашда кулгили ёки кичик янгиланиш бўлиб туюлса-да, аслида You Tube учун жуда пухта ўйланган психологик ҳаракат. Инсон мияси визуал мукофотларга кучли жавоб беради. Ҳар сафар “лайк” босилганда анимация пайдо бўлиши — бу кичик “дофамин” демакдир.
Шундай мукофот механизмлари мобил ўйинларда ҳам кенг қўлланилади. Улар фойдаланувчини оддий ҳаракатни такрорлашга ундайди, мия эса бу кичик қувончни яна ҳис қилишни истайди. You Tube эса энди шу психологияни ўз платформасига янада чуқурроқ сингдирмоқда.
Натижада, фойдаланувчи “лайк” босишга одатланади, бу эса алгоритмлар учун муҳим маълумот, яъни платформа ҳар бир видеога аудитория реакциясини янада аниқлик билан баҳолай олади.
“Лайк” – платформалар учун энг муҳим сигнал манбаларидан бири. У фойдаланувчи қизиқиши, контент сифати ва тавсия тизимининг кейинги қадамлари учун йўналиш беради. Кўпроқ “лайк” орқали видео алгоритм томонидан юқорироқ баҳоланади, кўпроқ тавсия қилинади, натижада кўпроқ томоша ва реклама даромади пайдо бўлади. Ушбу ўзгариш фақат туйғу даражасида – фойдаланувчи ўз босишининг “таъсирини” ҳис қилади. Бу эса алгоритмик стратегияда катта фарқ келтиради: “лайк”лар сони эмас, балки уларнинг босиш частотаси ва фойдаланувчи хатти-ҳаракати билан боғлиқлиги таҳлил қилинади. Шундай қилиб, анимацион “лайк” тизими You Tube’га янада аниқроқ фойдаланувчи портретини тузиш имконини беради.
You Tube’нинг “лайк” тугмасини жонлантириши — бу дизайн ёки безак ўзгариши эмас, балки психологик ва иқтисодий жиҳатдан асосли қадам. У фойдаланувчига завқ беради, лекин аслида платформани янада “ақлли” ва фойдаланувчи хатти-ҳаракатларига мослашувчан қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА