Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги арафасида Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги Хидирша маҳалласида цемент ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган корхона очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарини қўллаб-қувватлаш, айниқса, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, мазкур йўналишда янги янги лойиҳалар ишга туширилиб, юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-8576]
– Андижон вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати қарийб 20 триллион сўмга тенг 600 га яқин инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилади, – деди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Бунда тўқимачилик, қурилиш материаллари, электр техникаси, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари “драйвер” бўлади.
Умумий лойиҳа қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг мазкур корхона “GSR building materials” масъулияти чекланган жамияти ва хорижий инвесторлар ҳамкорлигида барпо этилди. Корхона ишга тушиши билан вилоятдаги қурилишларга арзон, сифатли маҳаллий цемент етказиб бериш имконияти кенгайди, 200 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов,
ЎзА