Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги корхонада янги маҳсулотлар
15:48 / 2025-07-10

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳридаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Нигора” корхонасида бўлди. “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери томонидан 22 миллион АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестиция киритилди ва пахта хомашёсидан ип-калава ва ундан мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шунингдек, бўяш ҳамда кийим-кечак тикишни ташкил этиш орқали фаолиятни кенгайтириш мақсадида 2024-2025-йилларда қўшимча 28 миллион АҚШ долларлик инвестиция киритилган. Шунга кўра, бу ерда аралашма толали хом, бўялган газлама ҳамда тайёр кийим ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил қилинди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш орқали ҳозирда жамиятда жами 880 та иш ўрни яратилди. 

– Ишлаб чиқариш дастгоҳлари Швецария, Италия, Белгия ва Германия давлатларидан келтирилган бўлиб, йилига 1 минг тонна бўялган ип, 1 миллион дона  тайёр кийим ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди  “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери таъсисчиси Иброҳим Ҳамроев. – Бугунга келиб, Япония ва Италиядан матога замонавий рақамли ва ротацион гул босиш ускуналарини ҳам келтириб ўрнатдик ва “Шойигул” бренди асосида эркаклар ва аёллар кўйлакларини ишлаб чиқаришни бошладик.

Ботир Зарипов матога гул босиш ускуналарини ишлаш жараёни, ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди. Шу ерда вилоят раҳбарига лойиҳанинг навбатдаги босқичи доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, режага кўра, кейинги босқичда эркаклар учун шим ва сунъий тола ишлаб чиқарилади.

Ботир Зарипов бу борадаги ташаббусни қўллаб-қувватлади ва лойиҳани жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Мулоқотда кластернинг янги лойиҳалари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.