Наманган вилояти Поп туманининг энг олис ҳудуди бўлган Навбаҳор маҳалласида йиллар давомида қаровсиз бўлиб турган собиқ колхоз биноси 10 миллиард сўм маблағ эвазига қайта таъмирланиб, барча қулайликларга эга замонавий тикувчилик ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш корхонасига айлантирилди.
Мазкур корхона тўлиқ ишга туширилиши натижасида йилига 3 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, маҳсулотларнинг 70 фоизи Европа мамлакатларига экспорт қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, ҳудуддаги "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ҳамда "Ёшлар дафтари" рўйхатида бўлган 150 нафар ишсиз аҳоли қатламига янги иш ўрни яратилди.

– Тадбиркорлик фаолияти ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартиришга депутатларимиз муносиб кўмаклашмоқда, – деди Нилуфар Туропова. –Хусусан, туманимизнинг энг чекка худудида жойлашган маҳалламизда бундай корхонанинг ишга туширилиши биз хотин-қизларни жуда ҳам қувонтирди. Боиси энди биз иш билан банд бўлиш билан бирга, оиламиз даромади кўпайишига ҳам ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Мазкур эзгу ишлар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлари, “ART SOFT HOLDING” компанияси бошқарувчилари Олимхон ва Ғиёсиддин Бабахановлар томонидан амалга оширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА