Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги корхонада 100 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди
17:13 / 2025-09-02

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами куни Андижон туманидаги Жевачи маҳалласи ҳудудида сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.

Умумий қиймати 5,2 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида барпо этилиб, иш бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги  “Молочная радость" Ўзбекистон – Тожикистон қўшма корхонаси йилига 7,2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Корхона очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари Президентлари ташаббуси билан икки қўшни давлат ўртасида иқтисодиёт, савдо, маданият, туризм ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганлиги, ташкил этилган ушбу корхона ҳам ана шу ҳамкорликнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлади. Барчани мустақиллик байрами билан муборакбод этди.

Илғор ва замонавий ишлаб чиқариш технологиялари билан жиҳозланган корхонада сут, қатиқ, қаймоқ, сметана, кефир, йогурт каби ўндан ортиқ турдаги сифатли сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 

 [gallery-25131]

–Тожикистонда 1998 йилдан буён самарали фаолият юритиб келаётган «Афзали Сугд» компанияси "Молочная радость" бренди остида сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаради, – дейди корхона бўлим бошлиғи Айюб Айюбов.  – Компаниямизнинг ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Андижонда ташкил этилган ушбу корхонасида ҳозирча 10 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.  Келгусида маҳсулот турларини 50 тага етказиш, шунингдек, маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилган.

Корхонада ишчи-хизматчиларнинг самарали иш олиб бориши учун зарур барча шароит яратилган. Ҳозир корхонада 100 нафар киши меҳнат қилмоқда. Корхона тўла қувватда ишга тушгач, яна 100 нафар киши  доимий иш ўрнига эга бўлади.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари