Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Тошли маҳалласи ҳудудида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Promax plast premium” корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, яратилган шарт-шароитлар ҳамда келгусидаги режалари билан яқиндан танишди.


Маълум қилинишича, лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур корхона йилига 10 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда пластик панеллар, сантехника трубалари, декорпласт, алюминий профиллар ва целлофан каби 10 га яқин турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида 100 та доимий иш ўрни яратилган бўлиб, ишга қабул қилинган ходимларнинг асосий қисмини маҳаллий аҳоли ташкил этади.


Корхонада хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда олиб келинган замонавий технологиялар жорий этилган. Келгусида 10 дан ортиқ экспортбоп қурилиш ва пардозлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу эса қўшимча иш ўринлари яратиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда МДҲ ва Марказий Осиё давлатларига экспорт ҳажмини ошириш имконини беради.


Очилиш маросими доирасида иштирокчилар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида корхона ҳудудига манзарали дарахт кўчатларини экди.
Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда иқтисодий ўсишни жадаллаштиришга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири