Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Наврўз маҳалласида қарийб 6,3 гектар майдонда барпо этилган ва йил бошида тантанали равишда ишга туширилган йирик саноат корхонаси — “Navro‘z total textile” МЧЖ туфайли тумандаги йирик ишлаб чиқариш субъектлари сони яна биттага ортди.
Ип-калава ҳамда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона қурилишига таъсисчилар томонидан 16,9 миллион доллар, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан эса 30 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилди. Асосий ишлаб чиқариш жараёнлари учун Швейцарияда ишлаб чиқарилган, қиймати 25 миллион еврога тенг, энг сўнгги русумдаги юқори технологияли дастгоҳ ва ускуналар олиб келиниб ўрнатилди.

Ишга туширилган корхона нафақат маҳаллий аҳолини, балки туманнинг бошқа ҳудудларидан бўлган ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни ҳам кенг қамровда иш билан таъминламоқда. Ҳозирда бу ерда 500 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди. Бу эса аҳолининг даромад манбаини кенгайтириш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 6,5 минг тоннани ташкил этадиган корхонада тайёрланаётган ип-калава ва трикотаж маҳсулотлари ички бозор талабини қондириш билан бирга, хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Бу туманнинг экспорт салоҳиятини ошириб, валюта тушумини кўпайтирмоқда ҳамда маҳаллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Туман ҳокими Абдураҳим Умаров ва корхона раҳбарлари иштирокида ўтказилган учрашувда ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, экспорт улушини кенгайтириш, қўшимча иш ўринларини яратиш, шунингдек, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклиф ва режалар муҳокама қилинди.
– Мирзаобод туманининг Наврўз маҳалласида амалга оширилган ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси кичик ташаббус эмас, – дейди корхона раҳбари Акмал Душабаев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тадбиркорликка яратилаётган кенг имкониятлар бизга катта куч ва шижоат бағишлади. Мақсадимиз, шу заминда етиштирилаётган пахтани чуқур қайта ишлаб, ундан тайёр ип-калава ва юқори сифатли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир
Ғулом Примов, ЎзА мухбири