Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги “Мевазор” маҳалласида лойиҳа қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган, хорижий инвестиция иштирокидаги “Револт” корхонаси яқинда ишга тушди. Корхонага 40 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди ва замонавий ускуналар олиб келиниб ўрнатилди. Бу эса 12 нафар маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўрни яратиш имконини берди.
Ҳозирда корхона электр таъминоти соҳасида талаб юқори бўлган маҳсулотлар — турли электр тақсимлагич ва ўтказгич қурилмаларни ишлаб чиқармоқда.

– Электр таъминоти учун зарур қурилмаларга ички бозорда талаб катта. Шу боис маҳсулотларимиз тезда ўз харидорини топмоқда, – деди корхона раҳбари Ғиёс Исроилов журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда.
Ташриф давомида журналистлар цехларда иш жараёни билан танишиб, тайёр маҳсулотларни кўздан кечирдилар. Масъуллар корхонанинг келгуси режалари ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш йўналишидаги мақсадлари ҳақида ҳам ахборот бердилар.

– Янги саноат корхоналарининг ишга тушиши аҳоли бандлигини таъминлабгина қолмай, маҳаллий иқтисодиётга ҳам қувват қўшади. Бундай лойиҳалар орқали саноат кооперацияси кенгаяди ва ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар улуши ошиб боради, – деди туман ҳокимининг ўринбосари Одилжон Жумабеков.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири