Гулистон туманида шолини қайта ишлаш ҳамда меваларни музлатиб сақлашга ихтисослашган янги ишлаб чиқариш корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Ушбу лойиҳа маҳаллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида амалга оширилган бўлиб, унда асосан маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди.
Жумладан, “Мега Строй Инвест Ҳамкор” МЧЖ томонидан 162 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида шолини қайта ишлаш линияси ишга туширилди. Маҳсулотларни тозалаш, саралаш ва қадоқлаш каби жараёнлар маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилмоқда. Корхона экспорт йўналишида ҳам фаолият бошлаб юборди.
Барака кўчасида истиқомат қилувчи маҳаллий тадбиркор Азимжон Ҳасанов томонидан 50 тонналик музлаткичли омборхона фаолияти йўлга қўйилди. Унда турли турдаги ҳўл мевалар сифатли ҳолда сақланиб, бозорларга етказиб берилмоқда.
[gallery-23429]
Туман ҳокими Олимжон Жўраев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ мазкур тадбиркорлик ташаббусларини ўрганди. Тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда фаолиятни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва давлат томонидан зарур кўмаклар кўрсатилиши ҳақида сўз юритилди.
Ҳоким ҳар бир яратилган янги иш ўрни аҳоли фаровонлиги учун муҳим эканини таъкидлаб, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, экспортга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
– Очиғини айтсам, 50 тонналик музлаткичли омборхона ташкил этишга асосий туртки – етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларимни узоқ муддат сақлаб, истеъмолчи талаб қилган пайтда етказиб бериш имконияти йўқлиги бўлди. Чунки сабзи ва мевалар каби маҳсулотлар тез бузилувчан ҳисобланади, – дейди тадбиркор Азимжон Ҳасанов.– Бу лойиҳа орқали нафақат ўз маҳсулотларим, балки бошқа деҳқон ва фермерларнинг ҳам маҳсулотларини сақлаб, истеъмолчиларга керакли пайтда етказиб бериш имконияти юзага келди. Туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ хонадонимга ташриф буюриб, фаолиятимни янада ривожлантириш, омборхона ҳажмини кенгайтириш бўйича амалий тавсия ва маслаҳатларини беришди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев,
ЎзА мухбирлари