Тентасой дарёси устига Избоскан туманининг Қораянтоқ ва Чўртонлиқ маҳаллаларини боғловчи янги кўприк қурилиб фойдаланишга топширилди.
Маҳаллалар аҳолиси, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўприк очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, аҳолига қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Ҳудудда истиқомат қилаётган 9 минг нафардан зиёд аҳолининг кўп йиллик орзуси бўлган мазкур янги кўприкнинг узунлиги 72 метр, эни эса 7,76 метрни, юк кўтариш қуввати 80 тоннани ташкил этади.
Умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 250 миллион сўм бўлган кўприк Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тасарруфидаги кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси мутахассислари томонидан бунёд этилди.
Барча талабларга жавоб берадиган янги кўприк фуқароларнинг узоғини яқин қилишга хизмат қилади, қолаверса, автомобиль қатнови масофасининг қисқариши ҳисобига маълум вақт ва маблағни тежаш имконини беради.
Кўприк очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА