Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Конституцияга дахлдорман
10:52 / 2023-04-03

Навоий кончилик ва технологиялар университетида талабалар иштирокида “Янги Конституцияга дахлдорман!” шиори остида Янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулегенова, Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати Муҳаммад Эшниёзов ва бошқалар сўзга чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳаси ҳақида тўхталди.  

Таъкидланганидек, эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳокимларнинг Халқ депутатлари кенгашларига раҳбарлик қилиш амалиёти тугатилиб, унга ҳокимдан мустақил бўлган алоҳида Кенгаш раиси раҳбарлик қилиши белгиланмоқда. Содда қилиб айтганда, вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади.  

– Яна бир янгилик шундан иборатки, Конституциямизга киритилаётган таклифга мувофиқ, эндиликда қонунларимизда сайлаш ҳуқуқи чекланган шахслар рўйхати бўлмайди, – дейди Қонунчилик палатаси депутати А.Тулегенова. – Фақатгина суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Яъни юқорида санаб ўтилган шахслар уларнинг сайлаш ҳуқуқи суднинг қарори билан чекланган бўлсагина сайловда иштирок эта олишмайди, бошқа ҳар қандай вақтда улар ҳам сайлаш ҳуқуқига эга бўлади.  

Бундан ташқари, миллий валютамизга бағишланган янги модда киритилиб, унда Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўм эканлиги, сўм мамлакатнинг бутун ҳудудида ягона чекланмаган қонуний тўлов воситаси эканлиги кўрсатилмоқда.  

– Янгиланаётган Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати М.Эшниёзов. – Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортмоқда. Ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти аниқ белгиланмоқда. Чунки Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда “инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган мезон асос қилиб олинган. Шу боис бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлмоқда, десак хато бўлмайди.  

Учрашувда Конституциямизга киритилаётган нормалар ва концептуал ўзгартишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.  

Шунингдек, сўзга чиққан талабалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тенгдошларини 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этишга чақирдилар.  

А.Бўриев, ЎзА