Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Конституция — хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоячиси
12:05 / 2023-05-20

Мамлакатимизда умумхалқ овози билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ислоҳотларимиз негизини ташкил этувчи «Инсон қадри учун» ғоясини ўзида мужассам этган. Шу билан бирга, «Инсон — жамият — давлат» деган бош тамойил Асосий қонунимизнинг мазмунига чуқур сингдирилган.

Янги Конституциямиз нормаларининг кўпгина қисми инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликларига тааллуқлидир. Инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури барча соҳаларда биринчи ўринда туриши олий даражада ўз ифодасини топган. Жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари ҳимоясига қаратилган нормалар ҳам мустаҳкамлаб қўйилгани юртимизда биз хотин-қизларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан, яратилаётган кенг имкониятлар бардавомлигидан далолатдир. 

Айниқса, Конституциянинг 42-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши мустаҳкамлаб қўйилгани барча аёлларни қувонтирди. Сир эмаски, баъзи соҳа ва ташкилотларда ҳомиладор ёки ёш болали аёлларни ишга қабул қилишни хоҳлашмайди. Эндиликда бу каби ҳолатларга Конституция даражасида чек қўйилиши аёлларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, улар учун зарур меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилади. 

Маълумотларга кўра, бугунги кунда фан, таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларида машғул бўлган ходимларнинг 70 фоизини хотин-қизлар ташкил этар экан. Энди юқоридаги конституцион норма билан барча соҳаларда фаолият олиб борадиган хотин-қизлар улуши янада ортади. 

Бундан ташқари, Бош қомусимизнинг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгилаб қўйилди. Мазкур модда ҳам хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга, турли соҳаларда эркаклар қатори эркин фаолият кўрсатишига ҳуқуқий асос бўлади. 

Шу ўринда қайд этиш керакки, юртимизда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, олий таълим билан қамраб олиш, касбга йўналтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2022-2023 ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари жорий қилинди. Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди. Эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим шартномаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаш тартиби жорий қилинди. 

Янги Конституциямизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари борасида мустаҳкамлаб қўйилган янги нормалар ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кўламини янада кенгайтиради, юртимиз аёлларига, фаол ва ташаббускор қизларига кенг имкониятлар яратади. Бир сўз билан айтганда, янги Конституциямиз биз хотин-қизларнинг асосий ҳимоячимизга айланди. 

Комила Сайфиева, 
ТДЮУ инглиз тили ўқитувчиси