Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Конституция таълим ривожига хизмат қилади
12:03 / 2023-05-18

Юртимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар натижасида мустақил давлатимиз тарихида биринчи бор умумхалқ овози билан янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Халқ билан биргаликда маромига етказилган, умумхалқ муҳокамасида пишитилган янги Қомусимиз ҳақиқий маънода халқчил ҳужжатга айланди. Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари мустаҳкамлангани, инсон қадр-қиммати, меҳнати қадрланиши, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши устувор этиб белгилангани инсонпарварлик намунасидир.

Эндиликда ҳар бир соҳа вакили олдида ушбу янги таҳрирдаги Конституциямизда ўрин олган нормаларни ҳаётимизга кенг татбиқ этиш, уни амалга ошириш масъулияти, вазифаси турибди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 май санасида қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамиятга эга. Унда янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланди. Шундай экан, бу жараёнда ҳар биримиз фаол иштирок этмоғимиз зарур.  

Шу ўринда таъкидламоқчиманки, таълим соҳаси вакили — педагог сифатида янги Конституциямизда биз соҳа вакилларига оид нормалар кенгайгани менга чексиз куч ва мотивация берди. Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишни мақсад қилган Янги Ўзбекистон шароитида таълим фидойиларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини юксалтириш, уларнинг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш бўйича жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Эндиликда янгиланган Конституциямизда мустаҳкамланган нормалар билан ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар янада кенгаяди.  

Хусусан, янги Конституциямизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилди.  

Ўқитувчи-педагогларнинг жамият ва давлат олдидаги меҳнати, келажак авлодлар камолотидаги машаққатлари давлат томонидан эътироф этилиши соҳа вакилларига янада куч ва ғайрат бағишлайди. Қолаверса, уларнинг   шаъни ва қадр-қиммати ҳимоясини, ижтимоий ва моддий фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни давлат ўз зиммасига олиши муҳим масаладир.  

Айниқса, таълим соҳаси вакилларининг касбий жиҳатдан ўсишига давлатимиз ғамхўрлик қилиши ҳам Бош қомусимизда белгилангани бизга кенг имконият яратади. Умуман, бу йўналишдаги барча янги нормалар таълим-тарбия соҳаси ривожига, ёш авлод камолотига, ўқитувчи-профессорлар фаолиятини янада кенг қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.  

Ойбек Тошматов,  

Тошкент давлат юридик университети  

Хорижий тиллар кафедраси мудири,  

ЎзА