Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида тарихий бурилиш бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Халқимиз азалдан ўзига бошпана қилишга, уй-жой қуришга катта аҳамият беради. Ҳар бир инсон рисоладагидек ҳаёт кечириши, баркамол фарзандлар тарбиялаши, жамиятда ўзига муносиб касб билан шуғулланиши учун энг аввало ўз уйига – ота-боболаримиз таъбири билан айтганда, Ватан ичра ватанига эга бўлиши керак. Шунинг учун ўзбек оиласи борки, ўз уйи бўлиши учун тинмай ҳаракат қилади, интилади, меҳнат қилади.
Уй-жойга бўлган ҳуқуқ халқаро ҳамжамият томонидан муносиб турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқининг муҳим элементи сифатида қаралади. Шу боис, мамлакатимизда ижтимоий сиёсатнинг энг муҳим вазифаларидан бири фуқароларнинг уй-жойга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишдир. Бунда турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
47-моддаси билан биринчи марта юртимизда ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги асосий ижтимоий ҳуқуқлар сафида белгилаб қўйилди.
Энди ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.
Амалдаги Конституциянинг 31-моддасига кўра, ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Мазкур нормалар уй-жой ҳам мулк ҳуқуқи объекти сифатида самарали ҳимоя қилиниши, айниқса, уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги низоларга оид ишлар суд томонидан кўрилаётганда қонун ҳужжатларининг тўғри қўлланиши фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган конституциявий ҳуқуқини ҳимоя этишда муҳим аҳамиятга эга.
Фуқаролик ишлар бўйича судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган уй-жой муносабатлари билан боғлиқ ишлар юзасидан статистик маълумотлар таҳлилига кўра, 2015 йилда 13 111 та, 2016 йилда 14 815 та, 2017 йилда 14 534 та, 2018 йилда 13 313 та, 2019 йилда 10 005 та, 2020 йилда 8 085 та, 2021 йилда 20 913, 2022 йилда 19 915 та, 2023 йилнинг биринчи чораги ҳолатига 4 226 та иш кўрилган.
Судлар томонидан уй-жойга оид кўрилган ишлар амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, уй-жойни хусусийлаштириш билан боғлиқ, уйдан кўчириш, уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш тартибини белгилаш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйга ёки унинг бир қисмига (улушга) бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида бир неча шахсга ёки умумий биргаликдаги мулк ҳуқуқи асосида эр-хотинга тегишли уйдан улушни ажратиб бериш (уйни бўлиш), умумий улушли мулк бўлган уйдаги улушлари миқдорини ўзгартириш ҳақидаги, умумий улушли мулк бўлган уйдаги улушини имтиёзли асосда сотиб олиш ҳуқуқи ҳақидаги каби турар жой мулкдори, оила аъзоларининг, ижарага ва арендага олувчиларнинг турар жойдан фойдаланишига оид низолар кўп учрайди.
Уй-жойга оид ҳуқуқларни суд орқали ҳимоя қилиш нафақат бузилган ҳуқуқ тикланиши, балки ҳуқуқ бузилиши натижасида келтирилган зарар қопланиши, келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган тўсқинликлар бартараф этилиши билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
Уй-жойга оид ҳуқуқий муносабатнинг ўзига хослиги ва мураккаблиги, қонун ҳужжатларининг уй-жойни хусусий мулк объекти сифатида ҳимоясини тартибга солиш учун замон талабига мос даражада такомиллашмагани судлар томонидан уй-жой қонунчилиги турлича талқин қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу борада турар жойга мулк ҳуқуқига нисбатан Фуқаролик кодекси ва Уй-жой кодекси нормалари ўртасидаги тафовутлар, қайси ҳолатларда қайси нормани қўллаш аниқ белгиланмаганлиги судларда низоларни ҳал этишда қийинчиликларни юзага келтиради.
Ўйлаймизки, уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг янги таҳрирдаги Конституциямиздаги мустаҳкам кафолати бу борадаги қонунчиликни давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилишига туртки бўлади. Зеро, суднинг ҳал қилув қарори мукаммал қонунчилик билан барқарордир.
Раъно Ҳусаинова,
Аброр Раҳматов,
Судялар олий мактаби тингловчилари