Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Конституция – Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради
11:13 / 2023-03-24

Ўзбекистонда Янги Конституция бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрел куни ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида халқимизнинг демократия ғояларига, ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик каби қадриятларга содиқлиги ифода этилган. Ижтимоий адолат тамойили мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги” фармонида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш мақсади белгиланган. Кўриб турганимиздек, ижтимоий адолат жамият ҳаётининг асосий мақсади ва орзусига айланган. Стратегиянинг 20-мақсадида “Фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш; аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш; тадбиркорлар ва аҳоли, айниқса унинг кам таъминланган қатламлари учун ҳуқуқий ҳужжатларни юрист иштирокисиз тайёрлаш имконини берувчи “Legal Tech” платформасини ишга тушириш” каби вазифаларнинг белгиланиши ижтимоий адолат тамойилининг асл мақсадини ташкил қилади.

Ижтимоий адолат тамойили Конституциямиз ва бошқа бир қатор жорий қонунларда ўз ифодасини топган. Шу билан бир қаторда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойили сифатида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг бош мақсади сифатида қайд қилинган.

Ҳуқуқий давлат барпо этиш шароитида ижтимоий адолат инсониятнинг олий маънавий қадриятларини тасдиқлаб, бу қадриятларнинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ролини таъминлайди, шахсга нисбатан ўзбошимчалик ва зўравонликни истисно қилади. Жамиятда қонун устуворлигининг маънавий асосини инсонпарварлик ва адолат, инсон ҳуқуқлари, унинг шаъни ва қадр-қиммати каби умуминсоний тамойиллар ташкил этади. Ижтимоий адолат инсоният тарихида асрлар мобайнида шаклланган муҳим ижтимоий ғоя ва халқнинг доимий орзуси бўлиб, жамиятда рўй бераётган ислоҳотлар даврида унинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Жамиятимизда рўй бераётган демократик ўзгаришлар эса бу тамойилнинг ҳаётга татбиқ қилинаётганининг ёрқин далили сифатида кўзга ташланади.

Ижтимоий адолат давлат ҳокимияти органларининг бошқарув салоҳияти ва фуқаролик жамиятининг таркибий қисмлари ва имкониятлари ўртасида ҳамжиҳатлик ва адолатли ижтимоий тартиботни ташкил этиш воситаси сифатида фаолият юритувчи ҳуқуқий механизмлар орқали амалга оширилади.

Ижтимоий адолат эркинлик ва тенглик тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг уйғунлигида яққол намоён бўлади. Эркинлик ва тенглик тушунчалари эса қонунийлик тушунчаси билан узвий боғлиқ ҳолда ижтимоий адолатни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жамият аъзоларининг қонун олдида тенглиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ижтимоий адолат тамойилининг бош мақсадини ташкил қилади.

Конституциямизнинг янги таҳририда шуларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришга муҳим аҳамият қаратилган. Янги Конституция Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш иродасининг ифодаси-ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади.  

Айни кунда мазкур референдумни ўтказиш ва унда аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат Янги Конституция сизники, бизники, барчамизники. Шундай экан, референдумга барчамиз ўз хоҳишимиз ва юрт равнақига дахлдорлик ҳисси билан иштирок этишимиз лозим.

Раҳима Юсувалиева,  

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Халқаро ҳуқуқ ва оммавий ҳуқуқ фанлари кафедраси мудири, профессор