Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Конституция – осуда, обод ҳаётимиз кафолати
16:40 / 2023-12-08

Конституция — давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий ҳужжат ҳисобланади. Бошқача айтганда, жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодасидир.

Халқимиз улуғ мақсадлар йўлида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқди ва жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилди. Янги Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар, халқни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш, очиқ демократик давлат барпо этиш ва давлат қурилишида устувор бўлган инсон-жамият-давлат тамойили конституциявий ислоҳотларнинг бош мезони бўлди.  

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча ташкилотларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилмоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офисида ҳам ходимлар учун давра суҳбатлари ташкил этилиб, халқаро ҳамкорларимиз билан ижтимоий роликлар суратга олинди. Бундан кўзланган мақсад Конституциянинг асосий принциплари, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳамда жамият ва шахс масалалари тўғрисидаги нормалар ҳақида кенг тушунча беришдан иборат.  

Мисол қилиб оладиган бўлсак, Асосий қонунимизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади”, деб белгиланган. 13-моддада “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, дея қайд этилган. Шунингдек, Бош қомусимизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, деган норма белгиланган. Ушбу нормалар фаолиятимизга бевосита тааллуқли ҳисобланади.    

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш барча соҳаларда “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини беради. Шу боисдан, янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифасидир. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда, энг аввало, “инсон қадри”нинг юксалишига урғу берилган. 

Шунингдек, жамият ҳаётида Конституциянинг аҳамиятини ошириш, уларни ҳар бир давлат ходимининг ҳар кунлик фаолиятига татбиқ этиш, халққа хизмат кўрсатишнинг сифат даражасини оширишга эришиш асосий мақсадларимиздан бири дейиш мумкин. Айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқ ахборот сиёсати натижасида давлат органларининг очиқлиги ва ошкоралиги таъминланиб, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи ва имкониятлари янада ошди. Бу жараёндаги илғорлик янада жонланиши тарафдоримиз.  

Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида жипслашишимиз жуда муҳим. Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, таъкидлаш жоизки, Конституция ва қонунлар – умумхалқ овози, эрк-иродасидир. Унда ўз аксини топган нормалар, ҳуқуқий қадриятлар давлат учун ҳам, давлат органлари, давлат хизматчилари ва фуқаролар учун ҳам бирдек тааллуқлидир.    

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари гаровга тикилмайди, бировга берилмайди, бировдан тортиб олинмайди, ҳадя этилмайди, олди-сотди қилинмайди, инсондан ажратиб бўлмайди, пул билан ўлчанмайди. Шаън ва қадр-қиммат ана шундай шахсий ҳуқуқлардир. Унга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!  

Шуни унутмаслигимиз керакки, Янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг асл муаллифи – халқ. Шундай экан бу байрам барчамизники. Конституция қабул қилинди ва кучга кирди. Навбат – амалий ишларга!  

Юрт тинчлиги, инсон қадр-қиммати ва аҳоли фаровонлиги бош ғоя этиб белгиланган Олий ҳуқуқий ҳужжатимиз эндиликда осуда ва обод келажагимиз, тўкин турмушимиз учун хизмат қилмоқда.  

 

Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА,  

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги  

ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш  

ва технологиялар трансфери  

Миллий офиси ахборот хизмати раҳбари  

ЎзА