Бугунги глобаллашув жараёнларида давлатларнинг асосий қонуни – Конституцияси замон талаби, аҳолининг эҳтиёж ва истаклари ўзгаришига қараб такомиллашиб бормоқда. Ривожланган давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, қайси мамлакатда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, ўша давлатда қонун устуворлиги таъминланиб, жамиятда жамоат назорати кучаймоқда.
Ижтимоий адолат тамойиллари ижобий самара бераётир. Шу маънода жорий йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган Янги Конституциямиз жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солишга, мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Янгиланган қонунимизнинг 1-моддасида Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгиланди. Ушбу конституциявий қоидалар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари учун кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам бўлиб, улар давлатчиликнинг тамал тошлари сифатида мустаҳкамлангани ўз ифодасини топган.

Янги Конституциясининг 9-моддасида “Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига–референдумга қўйилади. Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади”, деган норма киритилгани ҳам ўта аҳамиятлидир. 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиб, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши ўз ифодасини топган. Шунингдек, қонуннинг 24-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар”, дея қайд этилган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси ҳар бир шахснинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлишга йўналтирилган бир неча энг муҳим тамойиллар билан халқимиз эътиборига сазовор бўлди.
Унда хусусан, инсонинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани ва ҳеч бир нарса уларни камситиш учун асос бўла олмаслиги кўзда тутилган. 26-моддада қийноққа солиш, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этиш, шахснинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Ҳозирги пайтда қийноқларнинг тақиқланиши Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияда, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Америка конвенциясида, Инсон ва халқлар ҳуқуқлари Африка хартиясида ва бошқа ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Қийноқларнинг тақиқланиши мутлақ характерга эга.
Мазкур тузатишларнинг киритилиши инсон қадр-қимматини, уни ҳуқуқ-тартибот органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимоялашни кафолатлаб, шахсий дахлсизлигини таъминлаш имконини беради. Юқорида санаб ўтилган ҳолатларга йўл қўймаслик учун пенитенциар муассасаларда 2 минг 800 дан зиёд кузатув камералари ўрнатилгани, ИИВнинг барча тергов изоляторлари тергов хатти-ҳаракатларини ўтказиш хоналари 123 кузатув камераси билан жиҳозлангани шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айбсизлик презумциясини амалиётда қўллаш ислоҳ этилиб, Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган Конституциямизда шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, бу иш қонуний кучга кирган ҳукм билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши қатьий белгиланди.
Дарҳақиқат, Конституциядаги нормаларга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилгани кўзга ташланади. Масалан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари унга тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи кафолатланди. 31-моддада инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Янги ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суд қарорига асосан чекланиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган.
Энг асосий ўзгаришлардан бири – янги Конституциянинг 9-боби “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” га бағишланиб, 41-53-моддаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада кенгайтирилганига гувоҳ бўламиз. Конституциявий ҳуқуқлар доираси экологик ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш, банк операциялари ва ҳисоб варақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби ҳуқуқлар билан тўлдирилди.
Қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, дам олиш, давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олиш, шаҳарсозлик, бюджет соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтирди. “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимиз ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши таъминланди. Шу боис, янги Бош Қомусимизда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳам ўз ифодасини топди.
Янги асосий қонунимизнинг 49-моддасида давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни кўриши, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши ҳам илк марта белгилаб қўйилди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, экологик вазиятнинг ёмонлашуви, сўнгги вақтларда чанг-қум шамолларининг тез-тез кузатилиши жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга, фуқаролар томонидан бу борада йўлланган шикоятлар сонининг ортишига сабаб бўлаётган эди. Ҳатто, дарахтларни кесишга мораторий эълон қилиниб, экологияга оид мурожаатларни қабул қилувчи @EcoControl_bot telegram боти ишга туширилди. Мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида дарахтларни кесишга ўрнатилган мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиб, экологик полиция ташкил этилди. Конституциядан ўрин олган экологик ҳуқуқлар кафолатлари эса ана шу эҳтиёжнинг энг ишончли ечимидир.
Энг муҳими, янги таҳрирдаги Конституцияда юртдошларимиз томонидан билдирилган ҳар бир истак, таклиф эътиборга олиниб, аҳоли бандлигини таъминлаш, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, экология, шаҳарсозлик, хусусий мулк дахлсизлиги каби долзарб масалаларнинг ҳуқуқий кафолатлари аниқ белгилангани эътиборга сазовордир.
Файласуфларнинг дунёни эҳтиёж бошқаради, ҳар бир ҳаракат унга мувофиқ бажарилади, деган гапи бор. Зеро, Янги таҳрирдаги Конституция ҳам халқимизнинг истак ва хоҳиш-иродаси асосида ўзгартирилиб, янгиланди. Юрт тинчлиги, инсон қадр-қиммати ва аҳоли фаровонлиги бош ғоя этиб белгиланган Олий ҳуқуқий ҳужжатимиз эндиликда осуда ва обод келажагимиз, тўкин турмушимиз учун хизмат қилмоқда.
Жуманазар Холмўминов,
Термиз давлат университети юридик факультети
декани, юридик фанлари доктори, профессор