Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги конституция – бахтли ҳаёт кафолати
18:59 / 2023-04-28

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” хиёбонида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ҳамда шу асосда 2023 йил 30 апрель куни бўладиган референдумга бағишланган “Янги Конституция – халқ дардига қулоқ солувчи давлат асоси” шиори остидаги “Аёли улуғланган юрт” мавзуида тарғибот тадбири ўтказилди.

Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан уюштирилган кенг қамровли тадбир байрам тусини олиб, унда вилоятнинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган опа-сингилларимиз, икки мингдан зиёд аёллар иштирок этди. Тарғибот тадбири давомида фаол тадбиркор, давлат мукофоти соҳибалари, истеъдодли талаба-қизлар ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш борасида ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган қулайликлар, имконият ва имтиёзлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.  

Хусусан, янгиланаётган конституцияда хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини кафолатловчи ҳуқуқий нормалар киритилаётгани таъкидланди.  

– Бугун қувончларим чексиз, халқимиз кайфиятида кўтаринкилик ҳукмрон, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси Косонсой тумани кенгаши масъул раҳбари Ҳурматой Қудратова. – Ўзимни Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр аёли, миннатдор онаси сифатида ҳис этяпман. –  Боиси, янги таҳрирдаги конституция лойиҳаси билан танишиш асносида унда энг аввало, инсон қадри юқори даражага кўтарилганига амин бўлдим. Айниқса, ёшлар, оилалар ҳамда биз хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари алоҳида нормалар билан мустаҳкамланмоқда.  

– Аёл ўқитувчи, аёл шифокор, аёл ҳисобчи, аёл тадбиркор. Аёл – энг аввало мунис опа-сингил, мўътабар онадир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликлари давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Янгиланаётган конституциямизда ҳам бу ғамхўрлик алоҳида боб, модда ва нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда, – дейди Тўрақўрғон туманидаги “Runam-teks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Маҳфуза Гюмуш. – Камина бундан уч йил аввал Тўрақўрғонда 50 иш ўрни билан тадбиркорлик фаолиятимни бошлаган эдим. Бугунги кунда кичик бизнесга, айниқса, аёллар тадбиркорлигига қаратилаётган эътибор натижасида текстиль корхонамизда ишчилар сони 300 нафарга етди. Тез орада Оқтош шаҳарчасида ишга тушадиган навбатдаги ишлаб чиқариш лойиҳам ишга тушгандан сўнг иш ўринлари 700 тага етади. Қисқа фурсатда амалга оширилган ишларимиз давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилиб, менга “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тақдим қилингани бизга катта мотивация бўлди. Тарғибот тадбирида таниқли хонандалар томонидан ижро этилган шўх куй-қўшиқлар ҳамюртларимизга олам-олам қувонч улашди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА