Наманганда “2026-2030 йилларда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” лойиҳаси доирасида “Кучли жамият – кучли давлат кафолати” мавзусида йиғилиш бўлди.
Мазкур ташаббус “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси томонидан илгари сурилган бўлиб, муҳокамалар очиқ ва фуқаролик жамиятининг фаол иштирокида ўтказилмоқда.

Йиғилиш аввалида “Юксалиш” ҳаракати марказий аппарати ижрочи директори Асқарбек Маматхонов тақдим қилинаётган янги концепция Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилганлигини таъкидлади.

Йиғилишда фуқаролик жамиятининг ҳозирги ҳолатини ва ривожланиш имкониятларини аниқлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий асослари ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг қарор қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш, кўнгиллилик ва маҳалла тизими билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, фуқаролик жамияти институтларини рақамлаштириш, янги технологияларни жорий этиш ва уларнинг медиа макондаги фаоллигини ошириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

– Муҳокамалар жойларда босқичма-босқич ўтказилиб, республиканинг 14 та ҳудуди бўйича тизимлаштирилган таклифлар шакллантирилди, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раиси, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, депутат Наргиза Муҳаммадиева. – Жараённинг муҳим жиҳатларидан бири фақат танқидий фикрлар эмас, балки аниқ ечимлар, амалий таклифлар ва ижобий ташаббусларга урғу беришдир. Ҳар бир ҳудудда мавжуд ижтимоий-иқтисодий хусусиятлар, жойлардаги тажриба ва ташаббуслар инобатга олинмоқда.

Йиғилишда иштирокчилар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари учун грант танловларида алоҳида квоталар ва устуворлик бериш, фуқаролик жамияти институтларининг ахлоқ кодексини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ва унинг доимий комиссиялари мажлисларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили иштирокини жорий қилиш, умумтаълим мактабларининг юқори синфларида ННТларга тегишли дарс соатларини киритиш каби ўндан ортиқ таклифлар илгари сурилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.