Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида Фуқаролик жамияти институтлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Фуқаролик жамияти институтлари, давлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг кўмитаси раиси Ш.Отемисов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Э.Турсунов, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг бўлинма бошлиғи З.Ибрагимова “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилаётган Фуқаролик жамияти ривожига оид янги концепция лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига тўхталишди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда 2026–2030 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни бошланди. Мазкур ташаббус “Юксалиш” ҳаракати томонидан илгари сурилган бўлиб, муҳокамалар очиқ, инклюзив ва фуқаролик жамиятининг фаол иштирокида ўтказилмоқда.
[gallery-26295]
Концепция лойиҳаси мамлакатда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Муҳокамаларнинг асосий мақсади — ҳужжатни марказдан эмас, балки жойлардан бошлаб, фуқароларнинг ўз ташаббуслари ва таклифларига таяниб шакллантиришдир.
Тадбирда Фуқаролик жамиятининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш имкониятларини аниқлаш, ННТ ларнинг ҳуқуқий асослари ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш (грантлар, субсидиялар, ижтимоий буюртмалар, ижтимоий тадбиркорлик), давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг қарор қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш, кўнгиллилик ва маҳалла тизими билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Фуқаролик жамияти институтларини рақамлаштириш, янги технологияларни жорий этиш ва уларнинг медиа макондаги фаоллигини ошириш каби йўналишлар муҳокама қилинмоқда. Ушбу муҳокамаларда ННТлар, жамоат фаоллари, ижтимоий тадбиркорлар, илмий муассасалар, давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фаол фуқаролар кенг иштирок этишмоқда.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, муҳокамаларда ҳудуд бўйича тизимлаштирилган таклифлар шакллантирилади.Ушбу таклифлар концепция лойиҳасини ишлаб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Жараённинг муҳим жиҳатларидан бири — фақат танқидий фикрлар эмас, балки аниқ ечимлар, амалий таклифлар ва ижобий ташаббусларга урғу беришдир. Ҳар бир ҳудудда мавжуд ижтимоий-иқтисодий хусусиятлар, жойлардаги тажриба ва ташаббуслар инобатга олинмоқда.
Ушбу муҳокамалар фуқаролик жамияти институтларининг нафақат иштирокчиси, балки ислоҳотларнинг бевосита ташаббускори эканини яна бир бор кўрсатмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган фаол фуқаролик, очиқ бошқарув ва ижтимоий шериклик тамойилларини амалда рўёбга чиқариш айнан шундай ташаббускорлик орқали амалга ошади.
Мазкур жамоатчилик муҳокамалари Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, ННТлар миллий ассоциацияси, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳудудий бўлинмалари ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.Ушбу ҳамкорлик фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, бир-биридан ўрганиш ва ягона мақсад — очиқ, фаол ва адолатли жамият қуришга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев, ЎзА мухбирлари