English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги китоблар тақдимоти
12:31 / 2024-10-21

Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида “Жаннатимсан, Сирдарё”, “Маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш юзасидан тавсия қўлланма” ҳамда “Корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш юзасидан тавсия қўлланма” китоблари тақдимоти ўтказилди.

“Жаннатимсан, Сирдарё” китобида вилоятда яшаб ижод этаётган 50 га яқин ижодкорнинг шеър, ҳикоя, адабий танқид ва публицистик асарлари жой олган бўлса, кейинги иккита китобда маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш юзасидан мутахассис тавсиялари берилган.  

Тақдимотда вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Акмалжон Маҳмудалиев иштирок этиб, барчани 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан қутлади. Сирдарё воҳаси илм-фани, таниқли ижодкорлари билан ҳам мамлакатимизда ўз мавқеига эга эканлиги, бунда Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева сингари халқ шоирларининг ҳиссаси беқиёслигини қайд этди.  

– Вилоятда бу икки ижодкорнинг изидан бораётган катта тўлқин мавжуд, – деди вилоят раҳбари ўз сўзида. – Мен “Жаннатимсан, Сирдарё” тўпламига кирган барча битикларни синчиклаб ўқиб чиқдим. Бу китоб ижодкорларимиз учун янги руҳ ва мотивация беришига ишонаман. Мазкур тўпламни бемалол воҳамиз маънавияти, адабиётига қўйилган ҳайкал, деб баҳоласак арзийди.  

Тадбирда шунингдек, Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов, “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Гулхан Очилова сўз олиб, уч китобдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.  

Китоблар тақдимоти ўзига хос адабиёт байрами тусини олди. Вилоят мақом ансамбли хонандалари ҳамда шаҳар болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш мақомчилари куйлаган мумтоз қўшиқлар йиғилганлар қалбига хушнудлик бағишлади.

Ғулом Примов,

Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари