Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими ташаббуси билан Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими кутубхонасида “Китоб – маънавият сарчашмаси” мавзуида маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур адабий-бадиий анжуманда вилоят ижодкорларининг Маънавият ва маърифат маркази томонидан чоп этилган янги китоблари тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли публицист Раҳматилла Шералиевнинг “Меҳр манзиллари”, истеъдодли шоир Зоҳиджон Оловнинг “Дўстни ҳам борида қадрланг”, ёш қаламкаш Муниса Дилмуродованинг “Тинчлик барҳаёт бўлсин” номли китоблари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос олим Сувон Мели, ЎзМУ доценти, ёзувчи Тўлқин Эшбек, филология фанлари номзоди Абдураҳмон Пиримқулов ва бошқалар янги китоблар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб, муаллифларнинг келгуси ижодий фаолиятига муваффақият тилади.

Анжуман доирасида Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "Нурли қадам" адабий тўгараги аъзолари учун навбатдаги машғулот ўтказилди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ҳодими, "Саодат" журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова билан адабий учрашув ташкил этилди.
ЎзА