Сув – бу нафақат инсон ҳаётининг, балки бутун мавжудотнинг ҳаводан кейинги энг муҳим ва беқиёс неъмати, эҳтиёжидир. Ундан оқилона фойдаланиш ва сув исрофига йўл қўймаслик эса айнан инсонга хос фазилат.
Сурхондарёлик ёш ижодкор, ёзувчи Фурқат Алимардоннинг яқинда “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Пичирланган сирлар” асари энг долзарб масала – сув муаммосига бағишланган. Муаллиф айни мавзуни моҳирона бадиий тасвирлар билан китобхон онгига синдира олган. Хусусан, асар қаҳрамонлари –Ориф, Наринбет, “профессор”, Даниел Давлатов, “Боҳо чўнтак” ва фермерларнинг дунёқараши, феъл-атвори, эътиқоди ва уларни қийнаётган муаммолардан келиб чиқиб, китобхонга нима демоқчи эканлигини етказа олган.
Шу ўринда асарнинг бош мавзуси бўлган сув муаммосини олайлик. Муаллиф бебаҳо ва беқиёс оби ҳаётнинг бутун инсониятга, сизу бизга айтмоқчи бўлган ноласини – хатини Орифнинг тушига киритади.
– Эҳ, одамлар! Мен Яратганнинг бир мўъжизасиман, аввало, тўққиз ойу тўққиз кун онангизнинг қорнида сизни ўраб тураман, сизни поклайман, чанқоғингизни қондираман, ҳушингизни йўқотсангиз, ўзингизга келтираман. Аммо сиз ҳеч қачон менинг қадримга етмайсиз, – деб бошлайди сув ўз мактубини. Сўнгра инсоният учун нақадар азиз неъмат эканлигини ҳаётий мисоллар асосида таъкидлайди. – Эй одамлар, ўйланг, менсиз ҳаёт йўқ, менинг қадримга етинг! Зеро, танангизда ўн фоизгина йўқолсам ҳам, қуруқшаб ўлим топасиз, лекин мени жўмракдан беэътибор оқизаверасиз. ... Танангизнинг саксон фоизи мендан иборат. Агар танангизда икки фоизгина камайсам, ақлингиз сустлашишини биласизми? Билмасангиз билиб қўйинг, мени асранг, тежанг, оқилона фойдаланинг мендан.
Мактуби давомида сув сўнгги эллик йил ичида дунёда ўзидан фойдаланиш ҳуқуқини талашиб, 507 та можаро бўлганини, унинг йигирма биттаси ҳарбий ҳаракатлар билан тугаганини, ҳар йили океанларга икки юз олтмиш миллион тонна пластик чиқинди ташланиши, ҳар куни табиий сув ҳавзаларига икки миллион тонна чиқинди улоқтирилишини эслатиб“кейин сувлар ифлосланиб кетяпти деб айюҳаннос соласиз. Унутманг, мен ўзимдан-ўзим ифлосланмайман, буларнинг барини сиз қиласиз. Азиз одамлар, мен – сув, сизга ҳаёт берувчи муҳим омилман” дея ҳар биримизни огоҳликка чақиради.
Ёки ёзувчи Орол фожеаси ХХ асрнинг охири ва ХХI асрда минтақамиздаги энг глобал муаммога айлангани, бундан эса энг кўп азият чекаётган қорақалпоқ халқи эканини Наринбет образи орқали очиб беради. Қолаверса, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Россиянинг Обь ва Иртиш дарёлари ўзанини Орол денгизи томон буриш масаласи кўтарилгани, бунга республикамизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов астойдил бел боғлагани, бироқ айрим сиёсий кучларнинг қаршилиги туфайли мазкур истиқболли лойиҳа амалга ошмай қолганини қаламга олади.
Умуман олганда, “Пичирланган сирлар” ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Аммо уни ўқиб чиқсангиз, ўзингиз эшитгандан кўра теранроқ бадиий завқ оласиз.
Яна бир гап. Сурхон воҳаси ўзбек адабиётига Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод сингари улуғ ижодкорларни, ёзувчиларни етиштириб берган. Фурқат Алимардоннинг айни асарини ўқир эканман, Шукур аканинг, Тоғай Муроднинг давомчилари ҳамон етишиб чиқаётганини ўйлаб жуда қувондим.
Хуршид СУЛТОНОВ, журналист