Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги китоб: “Катта хонадон қиссалари”
15:01 / 2025-09-12

Таниқли шоир, журналист, ёзувчи ва публицист, таржимон Янгибой Қўчқоровнинг “Катта хонадон қиссалари” номли навбатдаги китоби нашрдан чиқди.

Китобдан ижодкорнинг бир қатор эссе ва суҳбатлари, шунингдек, мактублари жой олган.

Янгибой Қўчқоровнинг ушбу китоби йигирманчи асрнинг сўнгги чораги ва янги аср бошида миллий насримизда ўзига хос услуб билан, фаол қалам тебратиб келаётган адиб Муҳаммад Салом ҳаёти ва ижодига бағишланади, дейилади дебочада. 

– Одил аканинг шогирди Муҳаммад Салом ҳақида ўттиз икки йил аввал айтган бир оғиз сўзи ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди. Ўттиз икки йилдан кейин мен Одил Ёқубовнинг камтар, камсуқум, камгап, жимгина ўз асарларини ёзиб юрган, икки дурустгина роман, бир неча мағзи тўқ қисса, кўплаб мафтункор ҳикоялар муаллифи Муҳаммад Салом ҳақида мўъжазгина китоб ёзишга киришдим, деб ёзади Янгибой Қўчқоров. 

Китоб билан танишиб боркансиз, Муҳаммад Саломнинг роман ва қиссалари, ҳикоя ва публицистик мақолалари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, таҳлиллар эътиборингизни тортади. 

– Менга савол беришди, дея Муҳаммад Саломнинг фикрларини келтиради муаллиф.

 – Ватаннин қандай тушунасиз?

Кўнглимда юрган фикрни айтдим: 

– Ер – барча одамларнинг умумий  Ватани. Унинг софлиги, ободлиги учун қимирлаган жон – ҳаммамиз масъулмиз. У хароб ҳолга тушса, аҳволимизга вой.

Уни обод қилдиш, гуллаб-яшнатиш, тоза сақлаши ҳамда фаровон яшаши учун Аллоҳ таоло кишиларга Ватан қилиб берган. Ҳар киши ўзи туғилган, вояга етган, аждодлари яшаб ўтган маскаанни ўз Ватаним дейди, уни ардоқлайди, кўз қорачиғидай асрайди, ғанимлардан қўриқлайди!.. 

Муҳаммад Саломнинг Ватан ҳақидаги ҳақиқатлари сизнинг ҳам қалбингизда акс-садо беради.      

“Катта хонадон қиссалари” китобида ўқувчи учун қизиқ ва муҳим манбаларга ҳам дуч келасизки, шубҳасиз, ана шу жиҳатлар ҳам мазкур китоб қийматини оширган. Унда номлари тилга олинган атоқли сўз усталари, адиб ва шоирлар рўйхатини тузмоқчи бўлсангиз, каттагина рақамлар ҳосил бўлади.

Китобни варақлаб бораркансиз, яна бир қизиқ эътиборли нуқтага дуч келасиз. Яъни, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил бўлгандан то бугунги кунгача унга кимлар раҳбар бўлгани, уларнинг исм-шарифлари, аниқ сана, муддатлари билан келтирилган.

Янгибой Қўчқоровнинг янги китобини ўқинг, жуда қизиқ.

А.Нарзуллоев, ЎзА