Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги китоб: «Илму одоб жавоҳирлари»
13:06 / 2022-08-04

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида шоир Юсуфжон Алихоновнинг «Илму одоб жавоҳирлари» деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ёшлар тарбиясини, маънавиятини тўғри шакллантиришда ижодкор зиёлилар, айниқса, адабиёт аҳли масъулияти катта эканини таъкидлади.

– «Одоб» сўзи «адабиёт»га ҳамоҳангдир, – деди Сирожиддин Саййид. – «Илму одоб жавоҳирлари» деб номланган ушбу китоб жадид боболаримизнинг асарларини ёдга солади. Китобни ўқиган одам ундан чин маънода баҳра олади. Ўйлайманки, бу асарга китобхонларда талаб катта бўлади.

– Одоб – инсоннинг юксак сифати, – деди тўпламга тақриз ёзган шоир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мирзо Кенжабек. – Одоб инсоннинг инсонийлик сифатини юзага чиқаради. У инсонни иззатли қиладиган фазилатдир. «Илму одоб жавоҳирлари» деб номланган ушбу китобда бу жиҳатлар ўзининг яққол ифодасини топган.  Айтиш жоизки, ўқувчи ушбу китобдаги ҳикоятларни, ҳикматларни ўқиган ёки эшитган бўлиши мумкин. Лекин бугунги кунда ёшлар маънавий камолоти, одобини тўғри шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда мазкур китобнинг аҳамияти каттадир. Янги китоб ёшлар, уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийлар, умуман, адабиёт мухлислари учун қимматлидир.

Китоб «Қамар-медиа» нашриётида 500 тиражда чоп этилган. Ундан «Одоб олмосининг қирралари», «Илм ўн қисм бўлса,тўққиз қисми одобдур...», «Бобораҳим Машраб ғазалларига шарҳ», «Устоз насиҳатлари», «Одобда аёлларнинг ўрни» каби сабоқлар ва таълим- тарбияга чорловчи шеърлар ўрин олган.

– Бугун жамиятда бир нафар ҳам ёмон бола чиқишига йўл қўйишга биз – зиёлиларининг ҳаққимиз йўқ, – деди китоб муаллифи Юсуфжон Алихонов. – Шу боис илм билан бирга одоб воситасида ёшларга эзгулик улашиш бурчимиздир. Китобда шу жиҳатлар ўз аксини топган.

Тадбирда янги нашр этилган китоб, унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди. Шоирлар ўзларининг янги шеърларидан намуналарни ўқиди. Иштирокчиларга янги китобдан туҳфа этилди.

[gallery-8153]

Назокат Усмонова, ЎзА