English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ижтимоий ва таълим муассасалари иш бошлади
17:14 / 2025-05-31

Янгийўл шаҳрида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган бир қатор ижтимоий ва таълим муассасалари фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари, Янгийўл шаҳар ҳокимлиги вакиллари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайтадан реконструкция қилиниб, янгидан жиҳозланган “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ўз фаолиятини бошлади. Ушбу марказ аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига комплекс хизматлар кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Фаолияти эса асосан ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар ҳамда бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Бу ерда ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, бандлик масалалари бўйича йўналтириш, психологик қўллаб-қувватлаш, зарурат туғилганда эса бошқа соҳа мутахассисларига йўналтириш имкониятлари яратилган.

– Ногиронлиги бор шахслар учун яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва кўмакдан аҳоли вакиллари жуда мамнун. Бу эса уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига, оила фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов. – Президентимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Тошкент вилоятида ҳам амалий натижалар бермоқда.

Шунингдек, “Фаол ҳаёт” дастури доирасида замонавий талаблар асосида жиҳозланган кундузги парвариш маркази ҳам иш бошлади. Бу ерда ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга хизматлар кўрсатиш орқали уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштироки таъминланмоқда.

Марказ 8 ўринли бўлиб, унда фуқароларга уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш ҳамда шахсий ёрдамчи хизмати ташкил этилган. Марказ фаолияти доимий мониторинг ва таҳлиллар асосида баҳолаб борилади. Бу эса хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишга, фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларига мос равишда тизимни такомиллаштиришга имкон беради.

Бундан ташқари шаҳарда алоҳида таълим эҳтиёжи бор болалар учун мўлжалланган 3-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган 120 ўринли, 10 та гуруҳ фаолият юритадиган мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди. Унга малакали педагог, дефектолог, логопед ва психологлар жалб қилинган. 

Муҳими, ушбу эзгу ташаббуслар Президентимиз томонидан илгари сурилган ижтимоий ҳимоя сиёсатининг мантиқий давоми бўлиб, аҳолининг ҳаёт сифати ва фаровонлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардандир.

А.Мусаев,ЎзА.