Ўзбекистон Республикаси Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Жуманазаров Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида элчи Юй Цзюнь Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаб, мавжуд шериклик муносабатлари келгусида янада кенгайишига ишонч билдирди.

Музокараларда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш, грантлар ва техник кўмакни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида стандартлаштириш, маҳсулотлар синови ҳамда метрология соҳаларида амалга оширилиши режалаштирилаётган долзарб лойиҳалар бўйича тақдимот ўтказилди.

Томонлар Хитой Бозорларни тартибга солиш администрацияси, Хитой Стандартлаштириш ташкилоти, Хитой Миллий метрология институти, Хитой Сифат сертификатлаштириш маркази, Хитой аккредитация идораси ҳамда Хитой Автомобиль технологияси ва тадқиқот маркази билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида тўхталди. Ушбу йўналишларда томонларнинг улкан салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, экспорт бозорларини кенгайтириш мақсадида савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, экспорт-импорт маҳсулотларига қўйиладиган талабларни мувофиқлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни кўришга тайёр эканликларини билдирди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА