Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги истиқболли кон ўзлаштирилмоқда
17:21 / 2023-09-27

Навоий вилояти марказидан қарийб 300 км олисда – Марказий Қизилқумнинг шимолий кенгликларида жойлашган Томди тумани ҳудудидаги “Актау” кони ўзлаштирилмоқда. Уч босқичдан иборат уран қазиб олиш лойиҳасининг умумий қиймати 5 миллион доллар бўлиб, юзга яқин янги иш ўрни яратилади.

Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан уран қазиб олиш ва қайта ишлашни кўпайтириш мақсадида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари” рўйхатида ушбу конни ўзлаштириш белгиланган эди.

“Актау” кони “Навоийуран” давлат корхонаси балансидаги йигирманчи кон бўлиб, умумий майдони 52 гектарни ташкил этадиган конда ҳозир тажриба-саноат ишлари олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, коннинг захиралари 15 йилгача етади.  

– Тажриба-саноат ишларини олиб боришнинг асосий вазифалари – уран маъданларини ер остида эритмага ўтказиш усули билан қазиб олиш имкониятини аниқлаш ҳамда асосий геотехнологик кўрсаткичлар қийматларини олиш ва ишлаб чиқариш режимининг оптимал вариантини танлашдан иборат, – дейди “Зафаробод” кон бошқармаси бош геологи Мурат Мирзаев. – Бу ерда 1962-1965 йилларда геологик қидирув ишлари олиб борилган бўлиб, унинг натижасига кўра “Юқори Эоцен” горизонти қумли қатламининг оксидланиш зонаси чегараларида уран минерализацияси аниқланганди. Кейинчалик 2008-2015 йилларда “Актау” конида “Букантау” геология-қидирув экспедицияси мутахассислари томонидан баҳолаш ва қидирув ишлари олиб борилиб, етарлича бой уран минерализацияси ривожланганлиги аниқланди ва тажриба-саноат ишлари бошлаб юборилди. Бу эса корхона хомашё базасини сезиларли даражада кенгайтирди.  

Тажриба-саноат ишларида бурғулаш ва тайёргарлик ишлари 2021 йилнинг ўрталарида бошланиб, 2022 йил октябрь ойида кўзланган натижага эришилди. Бугунги кунда тажриба-саноат ишлари натижасига кўра, ер остида эритмага ўтказиш усули билан қазиб олиш имконияти жуда самарали ва унумдор эканлиги ўз тасдиғини топди.

Ҳозир конда мутахассисларнинг назорати остида 1 та маҳаллий сорбцион ускунаси ишлаб турибди.  

– Кон майдони нафақат қумликлар, иқлим шароити, балки руда конларининг 500 метргача чуқурлиги билан ҳам мураккабдир, – дейди “Навоийуран” давлат корхонаси геотехнологик бўлим бошлиғи Анвар Сафаров. – Конда 7 та бурғилаш қурилмаси ишламоқда ва тайёр бурғиланган қудуқларда металл олиш учун пассив оксидлаш жараёни олиб бориляпти, жорий йилнинг февраль ойида 5-сонли маҳаллий сорбцион ускунаси қурилиб ишга туширилди. Келгусида “Актау” конида жами 5 та маҳаллий сорбцион ускуналарнинг қурилиши режалаштирилган. Конда ҳозирги кунда 95 та сўриб олувчи қудуқлар қазилган бўлиб, уларнинг 50 тасидан уран олинмоқда. 25 таси уран олиш учун тайёрлаш босқичида, қолган қудуқлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун топшириш жараёнида.  

Албатта, ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун етарлича меҳнат шароитларини яратиш корхона раҳбариятининг биринчи галдаги вазифаларидан биридир. Бугунги кунда ҳудудда 40 кишига мўлжалланган замонавий жиҳозланган ошхона, тиббиёт хонаси, ишчилар кийиниш ва ювиниш хоналари, дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун маънавият ва спорт хоналари, ёзги дам олиш айвони қурилди. Қўрғонча атрофи ободонлаштирилиб, ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 10 километрдан зиёд ички йўллар қум-шағал аралашмаси билан қопланиб, техникаларнинг қатнаши учун шароит яратилди.

“Актау” конининг ўзлаштирилиши Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.

А.Бўриев, ЎзА