Эл соғлиги – юрт бойлиги
Халқимиз фаровон ҳаёт кечириши, жамиятда соғлом турмуш тарзини таъминлаш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида алоҳида устуворлик касб этади. Кейинги йилларда бу борада олиб борилаётган хайрли ишлар кўлами тобора қулоч ёзиб аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муайян натижаларга эришилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини халқаро андозаларга мос равишда оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда вилоятда фаолият юритаётган 800 дан зиёд тиббиёт муассасаларининг 242 таси давлат тасарруфига тегишли бўлса, 569 таси эса хусусий сектор ҳиссасига тўғри келада. Уларда 50 минг нафарга яқин шифокор, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари хизмат қилмоқда.

– Соҳада кечаётган ислоҳотлардан мақсад юртдошларимизга сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга эришиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва даволаш ишларини жаҳон андозаларига етказишдан иборатдир, – дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов. – Жорий йил аввалида, ушбу мақсадлар акс этган алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифалар босқичма-босқич бажарилмоқда. Жумладан, бирламчи тизим фаолиятини тубдан ўзгартириш ва тобора такомиллаштиришга алоҳида урғу берилмоқда. Вилоят тиббиёти 2026 йил октябрь ойидан эътиборан давлат тиббий суғуртаси асосида хизмат кўрсатишга ўтади. Барча кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда оила шифокорлик пунктларида янги тартибда фаолият кўрсатишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Ходимларнинг малакаси оширилибгина қолмасдан, тиббиёт масканлари шароитлари яхшиланиб, моддий-техник имкониятлар кенгаймоқда.

Таъкидлаш ўринли, соғлиқни сақлаш тизими йил сайин янги бошқарув механизмлари, татбиқ этилаётган замонавий диагностика ва даволаш стандартлари асосида равнақ топмоқда. Бу эса тиббиёт ходимлари билим ва малакасини муттасил ўстириш заруриятини юзага чиқармоқда. Шу боис ҳам соҳа кадрлари заҳирасини тўлдириш асносида, тиббиёт ходимлари касбий маҳоратини ошириш масаласига устувор аҳамият берилмоқда.

Шу йилнинг ўзида ўнлаб мутахассислар Европа ва Мустақил давлат ҳамдўстлиги мамлакатларидаги бир қатор тиббиёт марказларда малака ошириб қайтди. Яқинда вилоят марказида “Травматология ва ортопедия муаммоларини ҳал қилишда янги йўналишлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ҳам наманганлик шифокорлар учун ўзига хос билим ва тажриба алмашиш имкониятини тақдим этди.
Италия, Россия Федерацияси, Ҳиндистон, Туркия, Корея каби давлатлардан келган 270 дан зиёд мутахассис ва экспертлар ҳамда 60 дан ортиқ тиббиётчи олимлар иштирокидаги илмий маърузаларда соҳага оид жаҳон янгиликлари билан танишилган бўлса, шифохоналарда олиб борилган юздан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётларида ўта мураккаб хасталиклар бартараф этилди.

– Албатта, соҳа ишини янги босқичга кўтариш учун яна бир омил муҳим аҳамиятга эга. Тиббиёт масканларини давр талабларига монанд равишда қайта қуриш ва имкониятларни кенгайтириш лозим, – дейди вилоят бош шифокори Абдулходи Иминов. – Ҳозирда, Намангандаги олтита даволаш-профилактика муассасасида инвестиция дастури асосида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 54 миллиард сўм маблағ ажратилган. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиали, Давлатобод ва Янги Наманган туманидаги тиббиёт муассасалари ана шулар жумласидан. Келаси йилда яна 12 та объект дастурга киритилмоқда. Бу мақсадга йўналтириладиган маблағ ҳам деярли икки баробарга ошириш режалаштирилган.

Айни вақтда Наманган вилоятида Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизими бошқарувининг янги модели жорий этилмоқда.
Ҳозирда, Чортоқ туманида ушбу янгилик татбиқ этилмоқда. Собиқ туман тиббиёт бирлашмаси туман соғлиқни сақлаш бўлимига айлантирилди. Унинг таркибида 20 та турли типдаги поликлиникалар шаклланди. Тиббиёт масканлари шароитини яхшилаш ва имкониятларни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Кадрлар заҳирасини яратиш ва тиббий хизматни тубдан такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда.
Янгича шароит ва талаблар бўйича тиббий хизмат кўрсатишга ўтилганлиги одамларни рози қилаётгани “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойили асосидаги эзгу мақсадга интилишлар беқиёс самара бераётганидан далолат беради. Зотан, халқимиз манфаати, соғлом турмуши йўлидаги хайрли ишлар бардавомдир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.