French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш – пировард мақсад
15:30 / 2024-02-19

Муносабат

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан икки баробар, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш белгиланган. Камбағалликка тушиш хавфи мавжуд бўлган 4,5 миллион аҳоли даромадини ошириш, ижтимоий шериклик асосида 500 минг малакали мутахассис тайёрлаш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга  ташрифлари давомида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари Андижонга амалга оширилган ташриф давомида вилоят аҳолиси бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ва сифати билан яқиндан танишди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, олдинги ташрифлар давомида белгилаб берилган вазифа ва чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятда ишсизлик даражаси 7 фоизга камайган. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошиб, 225 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилган.

Аммо Адижон вилоятининг мард ва олижаноб, меҳнаткаш аҳолиси салоҳияти ҳамда ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳисобга олинса, янада юқори марраларга эришиш, ишсизлик давражасини батамом бартараф этиш имкониятлари мавжуд. Шу боис ташриф давомида Президентимиз томонидан вилоятдаги 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш йўналишда қилиниши лозим бўлган галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, ишсиз аҳоли ва ёшлар касб-ҳунарга ўқитилади ҳамда Хитой тажрибаси асосида маҳаллалар четида иссиқхоналар ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларга бўлиб берилади.

Маълумки, Андижон вилояти нафақат мамлакатимизда, балки минтақа давлатлари орасида ҳам автомобилсозлик соҳасида етакчи ҳисобланади. Айни кунда вилоятда автомобилсозлик йўналишида 12 та йирик ва 160 дан ортиқ маҳаллий корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 17 минг аҳоли бандлиги таъминланган. Эндиликда буни янада ошириш учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни кооперация асосида маҳаллаларда ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Булоқбоши туманида керамик плита, Марҳамат ва Балиқчи туманларида чинни буюмлар корхоналари ташкил этилади.

Шунингдек, вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етказилади, 2024 йилда 150 миллион долларлик бўяш ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳалари якунланиб, 6 мингта иш ўрни яратилади. Тўқимачилик корхоналарига Италиядан дизайнерлар олиб келинади. Бу эса маҳсулотларни сифатли ва халқаро стандартлар даражасида ишлаб чиқариш имконини беради.

Шу билан бирга, вилоятда мураккаб таркибли дори ва тиббий буюм ишлаб чиқариш бўйича 7 та лойиҳа амалга оширилади. Олий таълим муассасаси билан бирга фармацевтика кластери ташкил қилинади. Ушбу 7 та лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида нафақат янги иш ўринлари яратилади, аҳоли саломатлигини асраш, сифатли дори воситаларини ишлаб чиқариш борасида ҳам муайян натижаларга эришилади.

Вилоятда аҳоли бандлиги таъминлашдаги яна бир муҳим соҳа – бу қишлоқ хўжалиги йўналишидир. Сабаби вилоят деҳқонлари қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик йўналишида ҳам катта мактаб яратган. Галдаги вазифа етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўлиқ қайта ишлаш орқали аҳоли даромадини ошириш саналади. Бу жараённи “Асака текстиль” кластерининг тўқимачилик корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. 2022 йил августда ишга туширилган корхона бугунги кунда 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ “занжир” асосида фаолият кўрсатмоқда.

Хусусан, кластер тизимида Андижон вилоятининг Улуғнор ва Жалақудуқ туманлари ҳамда Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида 11 минг 200 гектар майдонда пахта етиштирилади. Шундан 2 700 гектарида томчилаб суғориш йўлга қўйилган. “Асака текстиль” кластерининг тўқимачилик корхонасига Швейцария, Италия, Туркия, Германия, Япониядан ускуналар келтириб ўрнатилган. У йилига 11 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна момиқ ва трикотаж мато, 12 минг тонна ип ва матони бўяш, 6 минг тонна тайёр трикотаж ва сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Энг муҳими, корхонада 3 минг 200 киши бандлиги таъминланган.

Умуман олганда ташриф давомида энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва инфратузилма каби муҳим соҳаларда бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, муносиб меҳнат ҳақига эга бўлган иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга оид қатор вазифа ва режалар белгилаб берилди. Ушбу режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мен каби барча андижонликларни қувонтириб, юртимиз тараққиёти йўлида бир жону, бир тан бўлиб ишлашга ундайди.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА