Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги иш ўринлари, янги имкониятлар
13:52 / 2026-01-06

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижалари туман ва маҳаллалар кесимида ҳам яққол сезилмоқда. Ҳар бир ҳудудда янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилаётгани, ёш тадбиркорларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани иқтисодиётимизда муҳим ўзгаришларни юзага келтирмоқда.

Бухоро вилояти Қоракўл тумани Янгитурмуш маҳалласида истиқомат қилувчи Шерали Раҳматов ҳам мана шундай ташаббускор ёшлардан. У ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан имтиёзли банк кредити ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик цех ташкил этди.

Мазкур цехда бугунги кунда пенаблок маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Қурилиш соҳаси ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда бу маҳсулотларга талаб юқори бўлиб, ички бозор эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирда корхонада уч нафар маҳаллий ёш доимий иш ўрни билан таъминланган. Тадбиркор келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириб, қўшимча яна тўртта янги иш ўрни яратишни режалаштирган.

– Бизнинг мақсадимиз нафақат оиламиз даромадини ошириш, балки маҳалладошларимизни ҳам иш билан таъминлаш. Бугун бошлаган ишимизни эртага кенгайтириб, янги ускуналар олиб келишни, фаолиятни янада самарали йўлга қўйишни кўзлаганмиз. Яратилган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлар биз ёш тадбиркорлар учун катта далда бўлмоқда, –дейди Шерали Раҳматов.

Дарҳақиқат, бундай ташаббуслар нафақат бир оиланинг турмуш даражасини яхшилаш, балки бутун маҳалланинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Иш ўринлари яратилиши, ёшларнинг бандлиги таъминланиши ва маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарилиши буларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги муҳим қадамлардандир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.