Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги иш ўринлари кўпаяди
16:59 / 2024-04-17

Мутахассислар маълумотига кўра, Тошкент вилоятида ишсизлик даражаси охирги икки йилда 6,8 фоизга камайди. Жорий йил якуни билан бу борадаги ишларни янада яхшилаш режалаштирилган.

Биринчи галда барча соҳалар бўйича аҳоли даромад келтирадиган меҳнат билан банд қилинади. Хусусан, вилоятда 432,1 минг нафар норасмий банд шахс, 90,5 минг нафар расмий ишсиз, 30 минг нафар 11 синф битирувчиси, 168,2 минг нафар меҳнат мигранти, 314,8 минг нафар иқтисодий нофаол аҳоли бор. Уларни нафақат туман ва шаҳарлар бўйича, балки маҳаллаларнинг ихтисослашув драйверлари, мавжуд захира ва имкониятларидан келиб чиқиб, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 

– Ўз навбатида ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш орқали вилоят бўйича жами 44 та йирик лойиҳа ишга туширилади, – дейди Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдошев. – Бу йўналишда 23 минг 620 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Мисол учун, Ангрен шаҳрида “Istikbol Hongji” МЧЖ корхонаси томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 128 миллиард сўмлик цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Бу орқали 300 та юқори даромадли иш ўрни ташкил этилади. 

Бундан ташқари, Паркент, Бўка ва Қибрай туманларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қўшимча имконият ва захиралар мавжудлигини инобатга олиб, ушбу соҳада янги иш ўринлари ташкил этилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи бошқа туманларда эса кластер, фермер, деҳқон хўжаликлари кўмаги билан 172 минг 638 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Биргина Янгийўл туманидаги “Innovation Commercial” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 135 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали 200 та янги иш ўрни яратилади. 

Бугунги кунда туризм соҳаси вилоятнинг асосий драйвер йўналиши ҳисобланади. Шуни эътиборга олган ҳолда сайёҳлар қатнови кўп бўлаётган жойларда меҳмонхоналар ташкил этилади ҳамда мавжудлари кенгайтирилади. Жумладан, Бўстонлиқ туманида бу йил “New York Invest Group” МЧЖ томонидан 32 миллиард сўмлик замонавий экотуризмни ривожлантириш лойиҳаси асосида 75 та янги иш ўрни яратилади. 
Муҳими, ушбу лойиҳаларга биноан яратилган янги иш ўринларига ишсиз фуқароларни жалб қилишни маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари амалга ошириб боради. Бунда улар “иш берувчи ва ишсиз” ўртасида кўприк вазифасини бажаради. 

А.Мусаев, ЎзА мухбири