Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги институт тўқимачилик саноати ривожига хизмат қилади
14:27 / 2022-12-31

Бугун мамлакатимизда таълим-тарбияни ривожлантириш, илм-фанни юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Олий таълим муассасаларида ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда тармоқ ва соҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотларнинг ижобий натижаларига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Президентимизнинг “Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори қабул қилиниши, нафақат Наманган вилояти, балки республикамиздаги тўқимачилик саноатини ривожлантиришга, соҳа тармоқларини рақобатбардош кадрлар билан таъминлашга ҳамда тўқимачилик саноатини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган қулай шарт-шароит вужудга келишига хизмат қилади, десам муболаға бўлмайди.  

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда Наманган вилояти саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича республикамизнинг энг илғор вилоятларидан бири ҳисобланади. Булар ичида тўқимачилик ва енгил саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш вилоятимизнинг драйвери ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қарор вилоятимизда тўқимачилик ва енгил саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга, халқаро талаб ва таклифларга мос маҳсулот яратувчиларини тайёрлашга ҳуқуқий асос бўлади.

Мазкур қарор янги олий таълим муассасасини замонавий талабларда ташкил этишнинг барча жабҳаларини қамраб олиши билан ҳам юқори аҳамиятга эга. Қарорда қўшма таълим дастурларини жорий қилиш, таълим билан ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, талабаларда мустақил билим олиш билан бирга, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш, тўқимачилик соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, талабалар учун хорижий ва маҳаллий йирик тўқимачилик корхоналарида танишув ва малакавий амалиётини ўташ тизимини жорий этиш, шунингдек талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.  

Айниқса, институт ҳузурида тўқимачилик технопарки фаолиятини йўлга қўйилиши вилоятимизга халқаро ва маҳаллий инвестцияларни жалб қилишга, институтда технологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларни эркин тижоратлаштиришга ҳамда келгусида ушбу институтнинг молиявий мустақиллигини таъминлашга замин яратса, Илғор тўқимачилик муҳандислиги мактаби, Дизайн студияси ҳамда Инновациялар ва технологиялар трансфери марказларининг очилиши ишлаб чиқарувчиларнинг тўқимачилик матоларининг технологик ҳолатини баҳолаш ва бўяш-пардозлашдаги муаммоларини бартараф этишга, таълим жараёнида ва ундан ташқари вақтларда талабаларга замонавий либос кўринишларини яратишга, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ютуқларини тижоратлаштириш ҳамда янги ишланма ва технологияларни амалиётга жорий этишга ёрдам беради.  

Мухтасар айтганда, Наманган тўқимачилик саноати институти келажакда ўзининг педагог жамоаси, илмий-тадқиқот натижалари, тайёрлаган рақобатбардош кадрлари билан бирга, республикамиз тўқимачилик саноатини юксалтиришга, энг илғор халқаро тажриба ва ютуқларни мамлакатимиз ҳаётига олиб киришга, соҳа вакилларини замонавий билим ва кўникмалар билан мунтазам бойитиб боришга улкан ҳисса қўшади.  

Одилжон Маматкаримов,

Наманган муҳандислик-технология институти ректори, 

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати