Мамлакатимизда таълим-тарбияни ривожлантириш, илм-фанни юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Олий таълим муассасаларида ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, тармоқ ва соҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар ижобий натижалар бермоқда.
Президентимиз томонидан “Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши, нафақат Наманган вилояти, балки республикамиздаги тўқимачилик саноатини ривожлантиришга, соҳа тармоқларини рақобатбардош кадрлар билан таъминлашга, мазкур тармоқни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда Наманган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги энг илғор вилоятларидан бири ҳисобланади. Тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш Наманганнинг “ўсиш нуқтаси” ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қарор вилоятимизда тўқимачилик ва енгил саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга, халқаро талаб ва таклифларга мос маҳсулот яратувчиларини тайёрлашга ҳуқуқий асос бўлади. Мазкур ҳужжат янги олий таълим муассасасини замонавий талабларда ташкил этишнинг барча жабҳаларини қамраб олиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Қарорда қўшма таълим дастурларини жорий қилиш, таълим билан ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, талабаларни мустақил билим олиш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш, тўқимачилик соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, талабалар учун хорижий ва маҳаллий йирик тўқимачилик корхоналарида танишув ва малакавий амалиётини ўташ тизимини жорий этиш, шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Айниқса, институт ҳузурида тўқимачилик технопарки фаолиятининг йўлга қўйилиши вилоятга халқаро ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш, институтда технологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларни эркин тижоратлаштириш, келгусида ушбу институтнинг молиявий мустақиллигини таъминлашга замин яратса, илғор тўқимачилик муҳандислиги мактаби, дизайн студияси ҳамда инновациялар ва технологиялар трансфери марказларининг очилиши ишлаб чиқарувчиларнинг тўқимачилик матоларининг технологик ҳолатини баҳолаш ва бўяш-пардозлашдаги муаммоларини бартараф этишга, таълим жараёнида ва ундан ташқари вақтларда талабаларга замонавий либос яратишга, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ютуқларини тижоратлаштириш, янги ишланма ва технологияларни амалиётга жорий этишга ёрдам беради.
Мухтасар айтганда, Наманган тўқимачилик саноати институти келажакда ўзининг педагог жамоаси, илмий-тадқиқот натижалари, рақобатбардош кадрлари билан бирга, юртимизда тўқимачилик саноатини юксалтиришга, энг илғор халқаро тажриба ва ютуқларни ҳаётга олиб киришга, соҳа вакилларини замонавий билим ва кўникмалар билан мунтазам бойитиб боришга улкан ҳисса қўшади.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати
ЎзА