Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги ва Янги йил байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида қатор ижтимоий соҳа объектлари қуриб битказилиб, аҳоли манфаати учун фойдаланишга топширилди.
Жумладан, “Гулистон” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 19-сонли мактабнинг қўшимча ўқув биноси, “Барҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий мактабгача таълим ташкилоти янги биноларининг фойдаланишга топширилиши аҳоли учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

Ушбу иншоотларнинг фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими В.Ниязимбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш орқали фуқароларнинг яшаш шароитини янада яхшилашга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталишди.

Таъкидланганидек сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтини янада ривожлантириш, аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этувчи, ташаббус ва бирдамлик масканига айлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Маҳаллаларда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ва замонавий ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш бўйича самарали дастурлар амалга оширилмоқда. Натижада маҳалла нафақат ўзини ўзи бошқариш бўғини, балки жамият тараққиётининг муҳим таянч нуқтасига айланиб бормоқда.

Маҳалла — халқимиз маънавий таянчи, бирдамлик ва аҳиллик тимсолидир. Маҳалла институти кучли бўлса, жамоат тартиби, тарбия, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик ҳам мустаҳкам бўлади. Шу боис, мамлакатимизда маҳалланинг моддий-техника базасини яхшилаш, уни замонавий талабларга мос инфратузилма билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Байрам арафасида фойдаланишга топширилган “Барҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги ва замонавий биноси туманда тизимни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу бино “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бошқарув раиси, 20-сонли “Сарабий” сайлов округидан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Сахи Аннакличевнинг ташаббуси ва хомийлигида амалга оширилиб, унга 551,3 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир бола учун замонавий, сифатли ва қулай таълим муҳити яратиш давлатимиз сиёсатида устувор вазифага айланди. Янги мактаб бинолари қурилди, мавжудлари эса замонавий таъмирланиб, барча шарт-шароитлар яратилди. Бу ишлар фарзандларимизга билим олиш имкониятларини кенгайтириш ва уларни баркамол инсон қилиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Фойдаланишга топширилган 19-сонли мактабнинг қўшимча ўқув биноси инвестиция хисобидан қурилган бўлиб, лойиҳа қиймати 2,8 миллиард сўмни ташкил этади. Мактаб 240 ўринли қилиб таъмирланган ва барча замонавий талабларга жавоб беради. Бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабр кунги “2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилди.
9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида бир қатор имконият ва топшириқлар берилди. Жумладан ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шартлиги белгиланди. Мутасаддиларга бўш ерларда боғча ташкил этиш бўйича хусусий шериклик ёки сармоя киритиш шарти билан уч йиллик дастур қабул қилиш, янги хусусий боғчаларга субсидия бериш, тарбиячилар маошини қисман қоплаш тартибини жорий қилиш топширилди.
Хусусий боғча билан давлат боғчаси учун таълим-тарбия сифати бўйича ягона ёндашув йўқлиги қайд этилиб, келгуси йилда ҳар бир ҳудудда боғча тарбиячилари педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи таянч “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.
Шу йилнинг ўзида “Пахтачи” маҳалласида 90 ўринли, “Чўпон” маҳалласида 90 ўринли, “Барҳаёт” маҳалласида 120 ўринли, “Сарабий” овулида 90 ўринли, “Қилчиноқ” овулида давлат хусусий шерикчилик асосида 120 ўринли, жами 5 та мактабгача таълим ташкилоти биноси янгидан фойдаланишга топширилган бўлса, Конституция байрами арафасида “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида 300 ўринли янги замонавий мактабгача таълим ташкилоти биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур бино “Менинг боғчам” лойиҳаси доирасида овоз бериш йўли билан 9,4 миллиард сўм ҳисобига қуриб битказилди.
Янги боғча замонавий жиҳозлар, малакали тарбиячилар билан таъминланган ҳолда иш бошламоқда. Бу эса, албатта, фарзандларимизнинг соғлом, билимли, баркамол бўлиб вояга етиши учун муҳим асос бўлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири