Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги инновацион лойиҳа “Тез ёрдам” бригадасининг манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлайди
14:35 / 2022-10-03

Ёш тадқиқотчи Сарваржон Йўлчиевнинг “Электрон тез тиббий ёрдам” лойиҳаси жорий йил Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган “InnoWeek.Uz – 2022” ҳудудий инновацион ғоялар кўргазмаси доирасидаги танловда ғолиб бўлди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Лойиҳага кўра, ҳар бир аҳоли хонадони “Google maps” электрон тизими орқали махсус дастурга киритилади. Натижада тиббиёт ходимларига беморлар турар жойлари аниқ кўриниб туради. Ҳар бир туман, маҳалла, уй, ҳатто кўп қаватли хонадонлар манзили дастурда аниқ акс этади.

– Олис ва чекка қишлоқлардан ҳам “Тез ёрдам” хизматига чақириқлар бўлади, – дейди С.Йўлчиев. – Бироқ бундай ҳудудларнинг айримларида йўл кўрсаткичлари, жой номлари, хонадонлар рақамлари ёзилмагани ёки алмашгани оқибатида “Тез ёрдам” белгиланган манзилга ўз вақтида етиб боролмайди. Натижада беморга тиббий ёрдам кўрсатишда кечикиш ҳолатлари кузатилади.

Агар оғир аҳволдаги бемор уйда ёлғиз бўлса-чи? Манзилдан адашиб қолган “103” бригадасини ким кўчага чиқиб кутиб олади? Бу тизим ана шундай ҳолатлар, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга, яъни “Тез ёрдам” ходимларининг бемор уй манзилига адашмасдан, кечикмай, ўз вақтида етиб боришига хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу платформа ҳайдовчиларнинг неча дақиқада манзилга етиб олиши, энг қулай йўналиш чизмасини ҳам онлайн режимда кўрсатиб туради. Қолаверса, дастурда ҳудуд бўйича аҳоли қайси касалликка кўп чалинаётгани билан боғлиқ статистика ҳам юритилади. Айни пайтда ушбу электрон лойиҳа Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасида жорий қилинган бўлиб, тест режимида ишлаяпти. У синовдан муваффақиятли ўтса, бошқа ҳудудларда ҳам амалиётга татбиқ этилиши мумкин.

ЎзА