Инглиз тили фани бўйича ишлаб чиқилаётган янги дарсликлар, биринчи навбатда, ўқувчиларнинг ёш хусусияти ва билим даражасига мослаб яратилмоқда.
Республика таълим маркази ахборот хизматидан маълум қилишларича, дарсликлар шунингдек, халқаро CEFR дастури асосида ва XXI аср кўникмалари билан уйғунлаштирилган халқаро стандартлар асосида тайёрланяпти.
Чет тиллари бўйича амалдаги давлат таълим стандартларида лингвистик, коммуникатив ҳамда прагматик компетенциялар шакллантирилиши белгиланган эди. Энди эса дастур ва дарсликларда замон нуқтаи назаридан "Digital literacy", яъни рақамли технологиялар ва "Cultural awareness" — маданий хабардорлик ҳам компетенция сифатида киритилади.
Тилни лойиҳа ишлари асосида ўргатишга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда болалар ўзлари турли экспериментлар, лойиҳа ўтказиш орқали тилни мустаҳкамлайди.
Масалан, биринчи синф дарслигида болалар ранглар мавзусини ўрганганида сувли стакан, рангли қаламлар ва салфетка ёрдамида камалак ҳосил бўлишини тажрибадан ўтказади. Бу уларда тилни ўрганиш билан бирга фанни мустаҳкамлашга ҳам замин яратади.

Дарслик муайян структурага эга. Бўлимлар ҳам бир хил структура асосида ёритилган. Ҳар бир синф дарслиги 10 та (1 синфда 9 та) бўлимдан иборат. Мисол учун, 1 синф инглиз тили дарслиги 9 бўлимдан иборат ва ҳар бир бўлим олти соатдан ўтилиши ҳисобга олинган.
Ҳар бир бўлимнинг биринчи мавзуси „Vocabulary“ — луғат, янги сўзлар билан ишлаш, иккинчи дарси "Grammar" – грамматика, учинчи дарс "Skills" — болаларда ривожлантириладиган кўникмалар, тўртинчи дарс CLIL, яъни бошқа фанлар билан интеграциялашув, бешинчи дарс "Moral value" — тарбиявий ва ижтимоий масъулиятни ривожлантиришга йўналтирилган мавзулар, олтинчи дарс фонетика — талаффуз қоидаларини мустаҳкамлашга қаратилган. Шу тартиб ҳар бир бўлимда такрорланади.
Яратилаётган инглиз тили дарслиги ўқувчиларда танқидий, мантиқий ва кенг яратувчан ижодкорлик асосида фикрлаш, жамоа билан ишлаш, мулоқот, лидерлик, медиа ва рақамли саводхонлик, ижтимоий масъулият ва бошқа ХХI аср кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Болаларнинг тил билиш кўникмаларини ошириш учун халқаро стандартда эшитиш ва сўзлашиш қобилиятини кучайтириш учун янгича услубдаги машқлар, мультимедиалар яратилган.
Ўқувчилар бошқа фанларда ўрганган билимлари, эгаллаган кўникмаларини инглиз тилида мустаҳкамлаши ва ифодалай олиши учун фанлараро интеграциялашув ҳам ҳисобга олинган. Шунингдек, ўқувчиларда ижтимоий масъулиятни ривожлантиришга қаратилган тарбиявий мавзулар (moral value) қамраб олинган.
Янги дарсликдан қуйи синфларда ўқувчиларда тўғри талаффуз қилиш кўникмаларини ривожлантириш учун фонетика машғулотлари ҳам ўрин олган.
2021/2022 ўқув йилидан хорижда тайёрланган инглиз тили дарсликлари тажриба-синов тариқасида бир нечта мактабларда жорий қилинади. Бунда инглиз тилини ўша тилда гаплашадиган давлат мутахассислари тайёрлаган ўқув қўлланмалар асосида олиб бориш синовдан ўтказилади. Айни дамда USAID ва Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистон Баркамоллик учун таълим дастури” доирасида Кембриж нашриётида тайёрланган инглиз тили дарсликлари маҳаллийлаштирилиб, тажриба-синовга тайёрланмоқда.
Файзулло Яҳёев, ЎзА