Янги имкониятлар сари
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан таълим соҳасидаги халқаро грант лойиҳаларини мамлакатимизга кенг жалб этиш, ўқитувчиларнинг илмий ва инновацион салоҳиятини ошириш мақсадида “Таълим грантлари билан ишловчи ўқитувчилар клуби” ташкил этилди.
Клуб доирасида истеъдодли ва ташаббускор педагоглар учун махсус курслар ва маҳорат дарслари йўлга қўйилди. Эндиликда машғулотлар 3 та гуруҳда, ҳафтанинг уч кунида мунтазам равишда ташкил этилади.

Дарслар тажрибага эга инглиз тили фани ўқитувчиси Биллура Икромова томонидан олиб борилади. Иштирокчиларга халқаро грант платформалари билан ишлаш, лойиҳа ёзиш ва тақдимот тайёрлаш бўйича амалий билим ва кўникмалар берилади.

Ушбу ташаббус Бухоро ўқитувчиларининг халқаро таълим майдонидаги фаоллигини ошириш, тажриба алмашиш ва замонавий таълимда янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.