Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги имкониятлар сари“ акциясида кўнгли ярим болаларга меҳр улашилди
18:21 / 2019-10-28

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Соғлиқни сақлаш инновацион миллий палатаси “Меҳрли қўллар“ имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Халқ банки, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Янги имкониятлар сари“ деб номланган ижтимоий-маърифий лойиҳа тадбирини ўтказди.


Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Соғлиқни сақлаш инновацион миллий палатаси “Меҳрли қўллар“ имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Халқ банки, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Янги имкониятлар сари“ деб номланган ижтимоий-маърифий лойиҳа тадбирини ўтказди.

Соғлиқни сақлаш инновацион миллий палатаси раиси Равшан Изомов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан барча жабҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида аҳолининг эҳтиёжманд, алоҳида ёрдамга муҳтож қатламига кўмак кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилишга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

“Янги имкониятлар сари“ акцияси кўнгли ярим болаларга меҳр улашиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Лойиҳа доирасида 100 дона ногиронлик аравачаси эҳтиёжманд болаларга топширилди.

– Ўн ёшли ўғлим болалигидан хаста, – деди Марина Сиротюк. – Уни Республика болалар ижтимоий мослашуви марказидаги соғломлаштириш машғулотларига мунтазам олиб бораман. Бундай ижтимоий лойиҳалар кўнгли ярим болалар, уларнинг ота-оналари учун далда бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Альфия Латипова туғма юрак хасталиги сабаб мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказган ўғлини шифокорларнинг махсус муолажаларига, психолог, логопед машғулотларига олиб боришни канда қилмайди. Унинг ўғли пойтахтимиздаги 34-умумтаълим мактабида инклюзив таълим олади.

– Бундай тадбирлар болаларнинг жамиятга мослашувига яқиндан кўмаклашади, – деди А.Латипова. – Кичкинтойларда ўз-ўзига бўлган ишонч, қатъият, ирода шу каби акциялар давомида тобора кўпроқ мустаҳкамланиб боради.

Акция давомида болалар бадиий ижодига доир кўргазма бўлди, театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди.